Пойтахтимизда дунёга машҳур Acibadem клиникаси очилади

12:02 28 Декабрь 2023 Жамият
300 0

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25-26 декабрь кунлари Соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги соҳа масъуллари ҳукумат делегацияси таркибида хизмат сафари билан Туркия Республикасида бўлди.

Ташриф давомида вакилларимиз “ACIBADEM Healthcare Group” президенти Меҳмет Али Айдинлар билан учрашди.

Ушбу нуфузли тиббиёт муассасаси дунё бўйлаб кўплаб клиника ва марказлар тармоғига эга халқаро бренд ҳисобланади.

Хусусан, кардиология, онкология, орган ва тўқималар трансплантацияси, нейрохирургия, робот жарроҳлиги ва спорт тиббиёти каби соғлиқни сақлаш соҳасининг кўплаб йўналишлари интеграциялашган ушбу муассаса таркибида жами 24 та клиника, 16 та тиббиёт марказлари ва бошқа қатор компаниялар фаолият кўрсатмоқда.

Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган мазкур клиникалар ўзининг илғор тажриба марказлари билан алоҳида ажралиб туради. Уларнинг барчаси миллий ва халқаро аккредитациядан ўтган бўлиб, замонавий технология ва тиббиётнинг кўплаб соҳаларида бой тажрибага эга мутахассислар билан таъминланган.

Ҳар йили дунёнинг турли нуқталаридан минглаб беморлар сифатли ва малакали тиббий хизматларни олиш учун ушбу клиникаларга ташриф буюради.

“ACIBADEM Healthcare Group” тиббий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳам мамлакатда етакчилардан биридир. Жумладан, унинг негизидаги Acibadem тиббиёт университетида таҳсил олаётган талабалар замонавий ўқув дастурлари асосида малакали педагоглар томонидан ўқитилади. Муассасада талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга мўлжалланган илғор симуляцион марказлар ҳам мавжуд.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқот давомида Тошкент шаҳрида Acibadem клиникасини очиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, учрашувда биргаликда кадрларни тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш, тиббий таълим каби йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер