Пойтахтда рекорд миқдорда «ажал оғуси» ишлаб чиқарган шахс ушланди
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳрида 1 млн долларлик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Миробод туманида ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган шахс бир нечта манзилда жойлашган гиёҳвандлик моддалари лабораториясидан фойдаланиб, синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келгани фош этилган.
«Ўзбекистон 24» телеканалида хабар берилишича, мана шундай манзиллардан бири Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида аниқланган. Шунингдек, фуқаронинг Тошкент вилоятида жойлашган хонадони кўздан кечирилганда, у ерда синтетик наркотик воситалар, турли контейнерлар, қўлқоплар, тарози ва газга қарши ниқоблар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ўша куни биринчи лабораториядан 4,8 кг, иккинчисидан эса 9,9 кг, жами 14,7 кг умумий нархи тахминан 1 млн долларга тенг бўлган синтетик гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
«Ашёвий далиллар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси Эксперт-криминалистика маркази томонидан текширувдан ўтказилди. Марказ хулосасига кўра, олинган моддаларнинг барчаси синтетик гиёҳванд моддалар экани ўз тасдиғини топди», дейилади видеолавҳада.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг