Пойкентдан Ўрта Осиёда энг қадимий саналган металл қуроллар топилди

15:51 14 Январь 2025 Жамият
1575 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ўз бағрида не-не синоатларни яшириб ётган тарихий гўшалар юртимизда жуда кўп. Шулардан бири Пойкентдир. Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган бу масканга Муҳаммад Наршахий, Табарий, Ибн ал-Хордадбех, Ибн ал-Фақих сингари ўрта аср муаррихлари томонидан “Мадина ал Тужжор” –“Савдогарлар шаҳри”, “Мис шаҳар” дея таъриф берилган. Эътироф этилишича, у Бухородан ҳам қадимийдир.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти ва Россия давлат Эрмитажининг Бухоро экспедицияси археологлари томонидан мана, 43 йилдирки, Пойкент харобаларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу ерда фаолият кўрсатаётган музейда шу изланишлар натижаси бўлган 2200 дан зиёд экспонат бор. Яқинда шу манзилдан металлдан ясалган қадимий қуроллар ва бошқа жиҳозлар топилди.

— Топилмалар орасида ҳар хил ўлчамдаги ханжарлар, ниқоб бўлаклари, камон найзаси учлари, аскарлар совутидан парчалар, қўл жангги чоғида ишлатиладиган металл узуклар бор, — дейди Бухоро давлат музей – қўриқхонаси реставратори Дилмурод Холов. — Улар эрамиздан аввалги I аср ва эрамизнинг I асрига тааллуқлидир. Бу ноёб буюмлар саклар ва массагетлар даврига оид ибодатхона жанубида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида аниқланди. Бу жиҳозлар воҳамиз, умуман, Ўрта Осиёдан топилган энг қадимий металл қуроллар жамланмаси саналади.

Топилмалар орасида оловни ташишга мўлжалланган, дея фараз қилинаётган капгир, ҳали нималиги аниқланмаган доирасимон жиҳоз ва қўнғироқ ҳам бор. Қўнғироқ ибодатхона учун мўлжалланган бўлиб, юзаси металлдан, ичи рангли металлдан, тилчаси суякдан иборат. Чамаси, у ибодатхона ичидаги маросимлар учун мўлжалланган. Негаки, қўнғироқ чалинганида суякдан иборат тилчасидан жарангдор товуш чиқмайди. Топилмалардаги исириқдон ҳам эътиборни тортмай қўймайди. Бир қарашда керосин лампани эслатадиган бу жиҳоз оташпарастлар учун зарурий восита саналган. Дарвоқе, Пойкентдан топилган қурол-аслаҳалар Сўғд даври деворий суратларида учрайди.

Ҳозир топилмаларни консервациялаш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу мутахассислардан жуда катта маҳорат, сабр-тоқат, вақт, билим талаб қиладиган жараёндир. Чунки асрлар давомида ер қаърида ётган у ёки бу топилмани асл ҳолига келтириш машаққатли, серхаражат юмуш саналади. Шуни инобатга олиб, юртпарвар, савобталаб тадбиркорлар реставраторларга ҳомийлик ёрдами кўрсатишса айни муддао бўларди. Бундай ўта қадимий ва ноёб топилмаларнинг музей экспонатлари қаторидан ўрин олиши сайёҳларнинг юртимизга бўлган қизиқишларини янада ошириши тайин. Айтмоқчи, кўҳна Пойкентдан 2000, 2016 ва 2017 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар чоғида ҳам қадимий қуроллар топилган эди. Сўнгги мавсумда топилгани археологлар тили билан айтганда, ҳар томонлама бой хазина саналади.

Сўзимиз якунида эслатма тарзида айтмоқчимизки, бундан бир неча йил муқаддам “Халқ сўзи” таҳририяти ходимлари бу кўҳна гўшада металлга ишлов берувчи устахона ( хумдон) топилганига шоҳид бўлишган ва бу ҳақда газета ҳамда сайтимизда махсус мақола ёритилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?