Педагогика институтида янги иншоотлар фойдаланишга топширилди

15:28 01 Апрель 2025 Жамият
71 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида янгидан қуриб битказилган талабалар тураржойи, спорт мажмуаси ва катта спорт майдонларининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, институт жамоаси, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар янги объектларнинг фойдаланишга топширилиши институт жамоаси учун муносиб туҳфа бўлганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилишича, талабалар тураржойи қурилиши учун институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 23 миллиард 704 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу масканда талабаларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Хусусан, ахборот-ресурс ва ИТ марказлари, хорижий тилларни ўрганиш ва тикувчилик тўгараклари, шахмат клуби, маънавият хоналари ёшларнинг билим ва қобилиятини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

— Бугунги тадбир доирасида институтнинг футзал, гандбол ва баскетбол спорт турларига ихтисослашган замонавий спорт мажмуасининг рамзий тасмаси ҳам кесилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди институтнинг спорт клуби раҳбарининг ўринбосари Миралим Алланазаров. — Таъкидлаш жоизки, айни пайтда институтда ёшларни спорт ва соғломлаштириш тадбирларига кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Институтнинг катта спорт майдони ҳам фойдаланишга топширилди. Умумий 300 та томошабин ўрнига мўлжалланган спорт майдони институтнинг янги ўқув биноси ортидаги бўш турган ер майдонида барпо этилган бўлиб, бу ерда 6 миллиард 199 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари қўлигул қурувчилар томонидан олиб борилди. Ушбу спорт иншоотлари институтда спорт билан мунтазам шуғулланадиган талаба-ёшлар сонини янада оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда институтда 16 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда, улардан 1700 нафари ётоқхона билан таъминланган. Янги қуриб битказилган 3-сонли талабалар тураржойи 500 ўринга мўлжалланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?