Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг Хоразмда бўлди

10:21 14 Апрель 2025 Жамият
341 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўтказилди. Жаҳон парламентлари етакчилари диёримизда жам бўлиши мамлакатимизнинг бу борадаги фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилганидан далолат. Ушбу нуфузли анжуманда 140 та давлатдан 2 000 нафарга яқин делегат иштирок этди.

190 га яқин миллий парламентни бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори юртлардагина ўтказилади. Айниқса, ушбу глобал тузилманинг юбилей тадбири айнан Ўзбекистонга ишониб топширилгани ўлкамиздаги жадал ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, десак, тўғри бўлади. Бундай катта аҳамиятга эга бўлган тарихий форумнинг Марказий Осиёда илк бор ўтгани, бунга Ўзбекистон мезбонлик қилгани барчамизга ғурур ва фахр бағишлайди.

Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқ хавфсизлиги департаменти директори Стелла Чунгонг мамлакатимизга ташрифи доирасида Хоразм вилоятида бўлди. Меҳмонлар Хивадаги «Ичанқалъа» мажмуасидан жой олган тарихий ёдгорликлар билан танишди, воҳа ёшлари билан учрашувлар ўтказди.

— Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей ассамблеяси Ўзбекистонда жуда юқори савияда ўтди, — дейди Мартин Чунгонг. — Бунинг учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Бугун дунё цивилизациясида алоҳида ўринга эга бўлган кўҳна Хоразм тарихи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Қадимий Хива обидаларини томоша қилиб, ўзимни худди эртакларда юргандек ҳис қиляпман. Бу заминда ўтмишда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналари, бой маданияти ва санъати билан танишиб, жуда ҳайратга тушдим. Хоразм дунё тамаддунининг энг қадимий марказларидан бири эканлигига, Хива жаҳоннинг турли бурчакларидан ҳар бир сайёҳ келиб томоша қилиши керак бўлган қадимий шаҳар эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?