Парламентда замонавий кутубхона иш бошлади

09:19 28 Май 2021 Жамият
236 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида замонавий ва ҳар томонлама қулай бўлган «Парламент кутубхонаси» иш бошлади.

Кутубхона ўқув, анжуманлар, қонун ижодкорлиги каби заллар ва кутубхона архивидан иборат бўлиб, унинг фонди сиёсат, иқтисодиёт, давлат ва ҳуқуқ, юридик фанлар, бадиий адабиётлар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, тарих, хусусан, Ўзбекистон ва жаҳон тарихига оид жами 40 мингдан зиёд китоблардан иборат.

Шу ўринда замонавий кутубхонада хорижий давлатлар парламентлари ўртасида ўзаро парламентлараро электрон кутубхоналар, парламентлараро келишув-меморандумларини тузиш ва у асосида маълумотлар алмашинувини таъминловчи интеграциялашган тизим ҳам ишга туширилди. «Парламент кутубхонаси»нинг электрон китоб фондини кенгайтириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, «Жаҳон рақамли кутубхонаси» (БМТ ва АҚШ Конгресси қўшма лойиҳаси), «Европа рақамли кутубхонаси» ва “Google кутубхонаси» фондларидан фойдаланиш имконияти ҳам яратилди. Кутубхона ўқувчиларига қулайликлар яратиш мақсадида эса инфокиосклар ўрнатилди.

Шунингдек, кутубхонада 97 та мамлакатда 54 та тильда нашр қилинадиган жаҳон илмий тадқиқотлари базасига эга – JSTOR, Library Press Display, МДҲ мамлакатлари, Хитой ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг тўлиқ матни ҳамда библиографик маълумотлар базасидан иборат – East View, тадқиқотчилар учун журналлар, китоблар, қарорлар, ахборот нашрларидан олинган 9 миллиондан ортиқ илмий ҳужжатларни тақдим этувчи – Springer Link ва ProQuest каби электрон кутубхоналардан фойдаланиш имконияти ҳам яратилган.

Энг асосийси, «Парламент кутубхонаси»да KaDaTa автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизими ишга туширилган бўлиб, у орқали электрон кутубхона каталогини ишлаб чиқиш ва ҳар бир китобга штрих код тизимини жорий этиш мумкин. Шунингдек, бу ерда 20 минг китобни рўйхатдан ўтказиш учун махсус RFID белгилар яратилган. Шунингдек, KaDaTa автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизими орқали кутубхона фойдаланувчиларига “ID kutubxona” хос рақами жорий этилиб, ҳар қандай электрон қурилмалар компьютер, планшет, смартфон орқали электрон парламент кутубхонаси тизимидан онлайн режимда фойдаланиш мумкин бўлади.

Натижада барча даражадаги депутатларнинг ушбу кутубхонанинг электрон китоб фондидан фойдаланишлари учун шароит яратилди. Ташқи фойдаланувчилар қамровини кенгайтириш мақсадида эса KaDaTa тизими воситасида парламент кутубхонасидан олис ҳудудлардан интернет орқали жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва талабаларнинг ҳам фойдаланиши учун имконият яратилди.

Шерзод ҚУЛМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?