Парламент сўровидан сўнг Ҳукумат қарори қабул қилинди

16:23 02 Октябр 2023 Сиёсат
178 0

2023 йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “жарима майдончалари” фаолиятини комплекс тарзда қайта ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Таъкидланганидек, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувларида, қуйи палатага келиб тушган мурожаатларда қонун ҳужжатлари бузилгани учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш фаолияти, яъни жарима майдончалари билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлиги кузатилди.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари мисолида жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Мазкур жараёнда аксарият жарима майдончаларида ушланган транспорт воситаларини сақлаганлик учун пластик карточкалардан тўловларни қабул қиладиган ҳисоб-китоб терминали ҳамда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинаси йўқлиги, мавжуд бўлганларида ҳам улардан деярли фойдаланилмаслиги аниқланди.

Шу билан бирга, жарима майдончаларида ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун турли миқдордаги тўловлар ундирилган. Ушбу тўловларнинг аниқ миқдорлари эса белгиланмаган.

Яна бир ҳолат, ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқишга рухсатномани олишда ҳам айрим қийинчиликлар мавжуд. Бу каби қайд этилган муаммолар мавжудлиги транспорт эгаларининг ҳақли эътирозларига, шу билан биргаликда қатор оворагарчилик ва ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси назорат-таҳлил тадбирида аниқланган камчиликлар, соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини ўрганиш, статистик маълумотларни, шунингдек сайловчилар билан ташкил этилган учрашувларда кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш асосида “жарима майдончалари” фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурияти мавжуд деган хулосага келган.

Шундан келиб чиқиб, қўмита таклифи билан “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари А. Раматовга Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган ва унга жавоб олинган.

Парламент сўровига келган жавобда қайд этилишича, мамлакатимизда ҳақиқатдан ҳам жарима майдончаларининг фаолиятига доир тизимли муаммолар борлиги, уларни ўрганиш юзасидан вазирлик ва идоралар масъулларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилган ҳолда республикада мавжуд жами 295 та жарима майдончаси ҳолати ўрганилган ҳамда уларда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Хусусан, уларнинг 93 тасининг ҳудуди ўралмагани, 173 тасининг ҳудудлари асфальт билан қопланмагани, 41 тасида тунги ёритиш мосламалари, 54 тасида ёнғинга қарши воситалар ва 106 тасида эвакуаторлар мавжуд эмаслиги каби қатор камчиликлар қайд этилган.

Мазкур масала Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг доимий назоратида бўлганлиги боис, йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан масъулларнинг ахбороти атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида кўтарилган масалаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ечимини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 358-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали очиқ танлов асосида танлаб олинади.

Шунингдек, ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва олиб чиқиб кетишга рухсат бериш манфаатдор вазирлик ва идораларга интеграциялашган “Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, “Жарима майдончаси” ахборот тизимининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:

— транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш тўғрисидаги қарор ушбу ахборот тизими орқали электрон шаклда чиқарилишини йўлга қўйиш;

— ушланган, тўхташ жойларига жойлаштирилган ва олиб чиқишга рухсат берилган транспорт воситаларининг рўйхатини юритиш;

— транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқиш учун барча тўловларни (жарима майдончаси ва ҳуқуқбузарлик учун жарималар) электрон шаклда амалга ошириш;

— ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқишга рухсатномани сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга электрон шаклда тақдим этиш.

Йиғилишда депутатлар жарима майдончаларини ташкил этиш белгиланган талабларга жавоб берадиган даражада бўлишини таъминлаш устидан назоратни кучайтириш лозимлигига эътибор қаратди, улар томонидан вазирлик ва идоралар вакилларига бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир якунида Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан мазкур соҳа парламентнинг доимий назоратида бўлиши таъкидланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер