Паркентдан жаҳон бозорига

16:38 31 Май 2023 Иқтисодиёт
794 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бугунги кунда юртимизда қишлоқ хўжалиги тармоқларини замонавий мезонлар асосида ислоҳ қилиш, хусусан, илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги томчилатиб суғориладиган экин боғларига уюштирилган пресс-турда янги технологиянинг аҳамияти ҳамда амалий самараси ўрганилди.

Таъкидлаш ўринлики, 2019 йили ташкил этилган “Agro star expo” МЧЖ кичик кластерида сифатли ҳосил олинмоқда. Канададан келтирилган бу гилос нави ўзини ўзи чанглантиради. Айни пайтда кластер боғида 11 минг туп гилос парвариш қилинаётган бўлиб, ҳар гектар ердан 5 тоннадан ҳосил олинишига эришиляпти.

Боғ ҳудудидаги томчилатиб суғориш ускунаси Исроил давлатидан келтирилган ва 20 гектарлик гилос боғига мўлжалланган.

Фото: “Халқ сўзи”

ОАВ вакилларига кластер корхонаси агрономи томчилатиб суғориш технологиясидан 6 йилдан 20 йилгача фойдаланиш мумкинлиги, сувни дарахтларга 20 метр баланд пасликкача бир хил етказиб бериши ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Шунингдек, журналистлар кластер корхонаси тасарруфидаги 40 гектар узум боғида йўлга қўйилган томчилатиб суғориш технологияси фаолияти билан ҳам танишдилар.

Ҳозирги кунда Паркент боғларида шарбатга тўлиб пишган гилос меваси Хитой, Жанубий Корея, Германия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

— Уч йил олдин бу жойлар қир-адир, фойдаланилмайдиган ерлар бўлган, — дейди “Agro star expo” МЧЖ кичик кластери агрономи Жўрабек Пўлатов. — Бу ерга каналдан 900 метр трубалардан сув тортиб келинган. Ўтган йили узумлар ҳосилга кирди, гектаридан 5 тоннадан ҳосил олдик. Бу йил гектаридан 20 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз. Асосан, майизбоп узум навлари экилган.

Шунингдек, Паркент тумани денгиз сатҳидан 1100 метр баландликда жойлашган Цанганак қишлоғининг лалми ерларига ҳам томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилиб, боғ яратилди. Бугунги кунда 70 гектар ер майдонида 7 турдаги гилос, нок, олма, олхўри, шафтоли, узум каби мевали дарахтлар парваришланяпти.

Фото: “Халқ сўзи”

— Ўтган йили гилоснинг 1 гектаридан 4,2 тонна ҳосил олинган бўлса, бу йил 5,5 тонна ҳосил олиш мўлжалланмоқда, — дейди “Agro elit” МЧЖ фермер хўжалиги агрономи Ориф Маҳмудов. — Айни пайтда кўчатлар 5 йиллик бўлди. У яхши парвариш қилинса, 30 йилгача ҳосил олиш мумкин. Гилослар Россия, Хитой ва Индонезияга экспорт қилинаётир.

Айни жараёнда ер остидан 10 та қудуқ ковлаб, 80 минг тонналик ҳовузга ташлаб, ундан тиндириб сув олинмоқда. Имконият йўқ ҳудудда мана шундай шароит яратилиши сабабли ҳар гектар ерга бир соатда 15 тоннадан сув берилмоқда. Ҳозирги мавсумда боғлар ҳар куни суғорилади.

Кўчатлар Испания, Туркия, Канададан келтирилган бўлиб, попук илдизли, ярим пакана дарахтлар ҳисобланади. Кўчатлар бир йилда ҳосилга киради. Ҳар бир гектар ер майдонига давлат томонида 8 миллиондан субсидия ажратиб берилиши боғдорчилик хўжаликларининг даромад салмоғи янада яхшиланиши ҳамда фаолият кўламини кенгайтириб боришда муҳим омил бўлмоқда..

Акрам Хамрақулов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?