Пандигоннинг бугунги жамолига кексаю ёшнинг ҳаваси келмоқда
Фото: Халқ сўзи
“Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” тамойили асосида Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли чекка ҳудуд — “Пандигон” МФЙда кенг қамровли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, қисқа фурсатда маҳалла замонавий қиёфага эга бўлди.
Бу борада белгиланган ишлар тўлиқ якунига етказилгани муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, қўшни Қирғизистон Республикасининг Қадамжой, Баткен тумани ҳокимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, кўп йиллик тарихга эга ва узоқ вақт давомида эътибордан четда қолиб кетган маҳаллада республика ва вилоят бюджети ҳисобидан 8,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шу тариқа маҳалла инфратузилмаси яхшиланди ҳамда аҳолининг яшаш шароити бутунлай ўзгарди. Эзгу мақсад ижобати йўлида маҳалладаги 755 та хонадон хатловдан ўтказилиб, аниқланган муаммолар бартараф этилди ҳамда эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилди.
Хусусан, Янгиҳаёт, Мактаб, Шифокорлар, Тошйўли, Намуна ва Истиқбол кўчаларининг 3 км қисми асфальтлаштирилди. Шунингдек, 5 та кўчанинг 3,5 км қисми шағаллаштирилиб, асфальтлаш ишларига тайёр ҳолатга келтирилди. Тошйўли кўчасининг 450 метр қисмида пиёдалар йўлакчаси барпо этилди.
Ўз навбатида бешта кўчага 203 дона бетон таянч устунлари ўрнатилиб, 6,5 км замонавий электр кабеллари тортилди. Мустақиллик кўчасига янги трансформатор ўрнатилган бўлса, Тошйўли ва Шодлик кўчаларидаги 2 дона трансформаторлар жорий таъмирланди. Шу билан бирга 7 та кўчага 7,4 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, ичимлик сув қудуғи ва минораси реконструкция қилинди ҳамда янги сув насоси ўрнатилди.
Янгитдан “Жамоатчилик маркази”, “Оталар гузари”, “Тикувчилик цехи” барпо этилди. Оилавий шифокорлик пункти учун 300 млн. сўм маблағ сарфланиб, жорий таъмирдан чиқарилди ҳамда керакли тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди.
Томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида 182 та хонадонга 45 кг дан ортиқ уруғ тарқатилиб, тўқсонбости экинлари экилишига кўмаклашилди. Маҳалладаги 675 та хонадонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди ҳамда 15 минг тупдан зиёдроқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди.
— Айни жараёнда 11 та кам таъминланган оила хонадонида 300 млн. сўмликдан кўпроқ таъмирлаш ишлари бажарилди, — дейди меҳнат фахрийси Турсунбой Абдураҳмонов. — Ўрганишлар давомида аниқланган 88 нафар ишсизнинг доимий бандлиги таъминланди. Шунингдек, 4150 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 39 нафарига бепул дори-дармонлар тарқатилди. 6 нафарига ордер берилиб, даволаниш учун сиҳатгоҳ ва саломатлик марказларига жойлаштирилди.
Умуман олганда, бугунги кунда Пандигоннинг янги ва замонавий қиёфаси кексаю ёшнинг ҳаваси келмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг