Паландарада қулупнайчилик мактабини яратаётган йигит

11:47 22 Январь 2025 Жамият
217 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Китоб туманининг Паландара маҳалласида яшовчи Ғиёсиддин Зайниев бундан бир неча йил аввал ишсиз ва даромадсиз эди. Яқинларининг маслаҳати билан оиласига тегишли 4 сотих томорқада иссиқхона қуриб, деҳқончилик билан шуғулланишга аҳд қилди.

У шу йилининг ўзида банкдан кредит олиб, иссиқхонани қуриб битказди. Қишлоқда биринчи бўлиб қиш фаслида қулупнай етиштиришни йўлга қўйди. Билдики, киши астойдил ҳаракат қилса уддалаб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Ҳали бу соҳада етарли тажрибаси йўқлигига қарамай, дастлабки йилнинг ўзида иссиқхонадан яхши даромад олди. Банк кредитини муддатидан олдин тўлади.

Буни кўрган “Паландара” МФЙ раиси Насим Раҳматов Ғиёсиддинга ҳудуддаги фойдаланилмай ётган 80 сотихлик иссиқхонани ижарага олиб, деҳқончилик ишини кенгайтиришни маслаҳат берди.

— Ғиёсиддин Зайниевнинг ўзи ҳам меҳнатдан бўйин товламайдиган, ҳисоб-китобли, “юрагида ўти бор” йигит, — дейди маҳалла раиси. — Шу маслаҳатдан сўнг дарров бу ишга бел боғлаб киришди. 80 сотихлик катта иссиқхонани ижарага олиб, бу ерда ҳам қулупнай етиштиришни бошлаб юборди. Мана энди мавсумда маҳалламиздаги ўнлаб йигит-қизлар у билан ишлаб, яхши даромад топмоқда.

Айни вақтда йирик иссиқхонада оила аъзолари билан қулупнай етиштириб келаётган Ғиёсиддин Зайниевнинг кайфияти аъло, даромади зўр.

— Ишсизликда иқтисодий томондан жуда қийналган вақтларим бўлди, — дейди у. — Ўша пайтлар болаларим келажаги ҳақида ўйлаб сиқилардим. Энди тушундимки, “иш йўқ” деб юраверсангиз ҳам кун ўтавераркан. Лекин салгина ҳаракат қилсангиз, излансангиз, интилсангиз, юртимизда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб ҳам яхши даромад топиш учун барча имкониятлар муҳайё. Буни ўзим бошимдан кечирганим учун айтяпман.

Ғиёсиддин Зайниев қулупнай етиштириш илмини ўзлаштираркан, барчасини обдан ўрганди. Эҳтимол, шунинг учун харидорлари ҳам тайёр. Улар декабрь ойининг сўнгги кунларидан то май ойининг охиригача иссиқхонанинг ўзидан тайёр маҳсулотни сотиб олади.

— Бу қулупнайнинг “Корея“ нави, — дейди деҳқон. — Энг муҳими парваришида кимёвий воситалардан фойдаланмаймиз. Маҳаллий ўғит билан етиштирилган қулупнайларни самарқандликлар жойидан сотиб олади. Таъми ширин. Биз эл дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.

Эътиборли томони, паландаралик деҳқонлар шу вақтга қадар асосан узум ва анор етиштиришда довруқ қозонган. Бугун Ғиёсиддин Зайниевнинг қулупнайчиликдаги ютуқларини кўриб, бу соҳага қизиқиши ошаётганлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?