Пахтакорда юртимизда биринчи бўлиб смарт-сув насослари ўрнатилди

12:30 03 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
1439 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатнома йўллаган эди. Унга кўра мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга тўхталиб, жорий йил ва келгуси йилларда ҳудудларни ривожлантириш, илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича вазифалар берган эди.

Хусусан, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилиш, янгиларини ўрнатиш, соҳага хорижий компанияларни жалб қилиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эди. Йил якунланишига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Пахтакор тумани марказидаги сув тармоқларини янгилаш, мавжуд оқова сувларни ҳайдаш насос станцияларини модернизация қилиш лойиҳаси ҳам ана шундай самарадор тадбирлар сирасига киради.

Мамлакатимизда илк маротаба Пахтакор туманига Швеция давлатида ишлаб чиқарилган замонавий, масофадан бошқариладиган “Flygt” концептор интеллектли ақлли насослари ўрнатилиб фойдаланишга топширилди.

— Пахтакор тумани ҳудудида марказий оқова сув иншоотлари ўтган асрнинг 70 йилларида қурилиш ишлари бошланиб, 1982 йилларда тугалланган ва кўп қаватли уйлар учун канализация тизими ишга туширилган, — дейди «Жиззах сув таъминоти» МЧЖ раҳбари Зокир Мамарасулов. — Айни вақтда туманида 7 та оқава сувларни ҳайдаш насос станциялари мавжуд бўлиб, улардан 5 таси 40 фоиз қувват билан ишлаб келган, қолган 2 таси қаровсиз қолдирилиб, маиший чиқиндиларга тўлиши натижасида кўмилиб ишламай қолган.

Швециянинг “Free Line group“ компанияси томонидан туманга ўрнатилган 12 дона “FLYGT” насослари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, улар оддий насослардан тежамкорлиги, масофадан бошқарилиши, сув лимитини автоматик ҳисоблаш, қайси ҳудудга қанча миқдорда сув етказиш, оқова сувларни чиқариб ташлаш имконлари билан ажралиб туради. Бу насослар ақлли (смарт) бўлиб, сув остига ўрнатилгач, насос ишлашида инсон омили ўйнамайди. Насослар ўзи автоматик равишда келаётган оқова сувлар миқдорига мос равишда ишга тушади ва белгиланган вақтда учади. Корхона ишчиларининг 8-10 метр чуқурликка тушиб, ис газидан заҳарланиб, оғир шароитларда ишлашга барҳам берилади.

— Янги технология нафақат оқова сув тармоғининг янгиланишига, балки тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ишларини енгиллаштиришга ҳам ёрдам беради ва энг муҳими, аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилаётганидан хурсандмиз, — дейди “Free Line group“ компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги бизнесни қўллаб-қувватлаш бош муҳандиси Рейн Ларссон. — Биз ҳар ҳафтада камида бир маротаба “Zooм” платформаси орқали мулоқот қилиб маҳаллий мутахассисларнинг тизимда олиб борилаётган ишлардан хабардор бўлиб турибмиз.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туманда 5 та КНС типидаги эски насослар бир ойда 31,6 минг киловатт электр энергия сарфлаган бўлса, янги 6 та КНС типидаги насослар 21,6 минг килловатт электр токини истеъмол қилиб кўпроқ натижага эришилган ва 40 фоиз кам электр энергия сарфланган.

Толибжон ЭРГАШEВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер