Пахта-тўқимачилик кластерлари: хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача

12:46 17 Октябр 2023 Жамият
317 0

Фото: "Халқ сўзи"

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ўтказилган медиатурда пахтачиликда кластер тизимининг жорий этилгани, бу тизим орқали фермер хўжаликларини янги техникалар билан таъминланаётгани, барча моддий ресурслар ўз вақтида етказиб берилиши натижасида пахта ҳосилдорлиги кейинги уч йилда 5-6 центнерга оширилгани ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, бу йил Сирдарё вилоятида пахта ҳосилдорлиги 40 центнерга етиши кутилмоқда. Вилоятнинг тупроқ ва бошқа мураккаб табиий-иқлимий шароити ҳисобга олинса, бу жуда юқори ва ҳудуд пахтачилигида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга ҳосил таннархи ҳам арзонлашиб, даромад кўтарилмоқдаки, бу икки ютуқнинг омили соҳада янги тизим – кластерларнинг ташкил қилиниши, инновацион агротехнологиялар, хусусан томчилатиб суғоришнинг йил сайин кенг қўлланилаётгани туфайлидир.

Фото: "Халқ сўзи"

Ҳозирда вилоятда 9 та пахта-тўқимачилик кластери мавжуд. Улар 1986 та фермер хўжалиги билан шартнома тузган. Сайхунобод туманидаги “POLY TEX SIRDARYO” кластери ташкил этилганига ҳали кўп вақт ўтмаган бўлсада, эришаётган ютуқлар анча салмоқли.

— Биз қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш йўналишида фаолият юритяпмиз, — дейди “POLY TEX SIRDARYO” агрокластери масъулияти чеклаган жамияти бош директори Дурбек Абдураҳмонов. — Кластеримиз таркибида ёғ-мой ва ип-калава ишлаб чиқариш корхоналари бор. Яқин келгусида амалга ошириладиган лойиҳаларимизда эса пахта хомашёсини тайёр маҳсулотга айлантиришдек саноат занжирини яратиш кўзда тутилган.

Эътиборлиси, кластер далаларидаги ҳосилнинг асосий қисми терим машиналарида йиғиб олинаётир. Ҳисоб-китобларга кўра, машина терими қўл теримига нисбатан харажатни 30 фоизга камайтирмоқда. Бунда энг унумли, замонавий терим машиналаридан фойдаланишга алоҳида эътибор берилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.

Фото: "Халқ сўзи"

Медиатур иштирокчилари кластер далаларидан бирида “John deere” русумли пахта териш машинасининг техник имкониятлари ва ишлаш жараёни билан таништирилди. Маълум қилинишича, мазкур агрегатлар воситасида бир кунда 40-50 тоннадан ошиқ пахта териш мумкин. Унинг кунлик натижаси эса қарийб 400 кишининг қўл теримидаги кўрсаткичига тенг. Маълумот учун айтиш лозимки, ҳозиргача Сирдарё вилоятида саранжомланган ҳосилнинг ярмидан кўпи машиналар ёрдамида териб олинди. Мутасаддиларнинг айтишича, ушбу кўрсаткич ўтган йилдагидан анча баланд ва у кейинги йилда янада ўсиши кутиляпти. Медиатурда маълум қилинишича, жорий йилда мамлакатимиз пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермерлари томонидан 5 мингтадан ортиқ юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан, терим агрегатлари харид қилинди.

Журналистлар шунингдек, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Абай ота”, Пахтакор туманидаги “Зокир 25” фермер хўжаликлари, “Пахтакор текс” кластери фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?