«Ўзкимёсаноат» айрим аёлларга уй-жойини таъмирлаш учун моддий ёрдам кўрсатмоқда

21:28 13 Сентябр 2024 Жамият
442 0

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ҳамда тизим корхоналарида хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этилди. Эндиликда аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллиги, давлат ва жамият бошқарувидаги, оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги ролини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу ишлар ҳақида «Халқ сўзи»га «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Санобар Абдураҳманова маълумот берди.

Унга кўра, Эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланган. Хусусан, ёлғиз оналарга ёки ногирон болаларни тарбиялаётган аёлларга дори-дармон харид қилиш, уй-жойини таъмирлаш учун тўлов, болалар овқатларини сотиб олишлари учун моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

«Акциядорлик жамиятининг тўрт нафар ходими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида «Корпоратив бошқарувнинг замонавий амалиёти ва тамойиллари» бўйича қисқа муддатли курсида таҳсил олиб сертификатлар олишди ва бу билан Кузатув кенгаши таркибига кириш ҳуқуқига эга бўлди.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан ипакчилик йўналиши бўйича кимё саноати корхоналари ходимларининг оила аъзолари учун қўшимча иш ўринлари яратиш доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ҳар бир корхонада юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда ўзига хос иш олиб борилди. Масалан, «Навоиазот» акциядорлик жамияти томонидан ходимларнинг ишсиз оила аъзолари рўйхати шакллантирилди. Кармана туманидаги «Navoiy Silk Production» акциядорлик жамияти, Навбаҳор туманидаги «Ал-Азиз Ипаги» кластери билан 100 нафар пиллакорнинг ҳамкорлиги асосида 112 нафар ипакчининг бандлигини таъминлаш бўйича меҳнат шартномалари имзоланди. Жами 212 нафар аввал ишсиз бўлган фуқаро мавсумий иш билан таъминланди.

Жорий йилнинг июль ойида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти раҳбарияти ташаббуси билан хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш дастури ишлаб чиқилган эди. Шу асосда «Навоиазот» акциядорлик жамиятида ҳунарманд аёллар бандлигини таъминлашга мўлжалланган «Навоий адраси» касаначилик цехи ташкил этилиши ҳам хотин-қизларга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир», дейди у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер