Бундан кейин ҳам соҳага қанча маблағ керак бўлса, топиб беришга тайёрман — Шавкат Мирзиёев
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағлар йилдан йилга ошириб борилаётгани, бу жараён бардавом бўлишини маълум қилди.
«Қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларни йилдан йилга ошириб боряпмиз. Бундан кейин ҳам соҳага қанча маблағ керак бўлса, топиб беришга тайёрман.
Лекин бу маблағлар ўз вақтида эгасига етиб бориши ва ҳосилдорликни янада оширишга хизмат қилиши учун очиқ ва шаффоф тизим бўлиши керак», деди Президентимиз.
Қишлоқ хўжалигидаги субсидиялар шу пайтгача 6 та вазирлик томонидан ажратилаётган эди. Шу боис, барча субсидиялар бўйича молиявий хизматларни бир жойда кўрсатадиган Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди.
Агентлик томонидан келаси йил деҳқон ва фермерларга 2 триллион 200 миллиард сўмлик субсидия берилади. Бунда субсидия ажратиш жараёни ҳозирги 4 босқичдан 2 босқичга, уни олишга кетадиган вақт эса 1 ойдан 15 кунга қисқаради. Энг муҳими, ҳар бир субсидия фермерларга маъқул бўладиган шартларда, уларга маблағ энг зарур пайтда бериладиган тизимга ўтилади.
Кейинги йилдан сув насосига сарфланган электр энергияси учун субсидиялар мева-сабзавот, мойли экин, картошка ва озуқа экинлари етиштирувчи фермерларга ҳам ажратилиши эълон қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида дрон хизматларини кўрсатувчи алоҳида марказ ишга туширилгани бу соҳада мутахассис тайёрлаш ва дронларга сервис хизматини кўрсатиш имконини берди.
Шу йилнинг ўзида 100 дан ортиқ дрон ёрдамида ер майдонлари ва экинлар мониторинги, илғор агротехник тадбирлар амалга оширилди.
Кейинги йил Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродрон олиб келинади. Ҳар бир вилоятда камида 2 тадан дрон мобил комплекси орқали агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Аграр соҳада дронлар учун белгиланган учиш оғирлиги ҳозирги 100 килодан 250 килогача оширилади.
«Ўз фаолиятига рақамли технология ва сунъий интеллектни олиб кириб, кам харажат билан юқори ҳосилдорликка эришаётган фермер ва кластерларимиз сони ҳам кўпайиб бораётгани мени хурсанд қилади», деди давлатимиз раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг