Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлаш муддати узайтирилди

13:21 13 Февраль 2025 Сиёсат
99 0

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ айрим масалалар муҳокама қилинди. Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, маҳаллий Кенгашларнинг ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари комиссиялари вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Мажлис давомида аҳолини ўзини ўзи банд қилиш тизими, хусусан, фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш орқали пенсия учун зарур меҳнат стажини ҳисобга олиш ҳолати ўрганилиб, бу борада аниқланган муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Парламент сўровига асосан, Солиқ кодексининг 408-моддасига ўзгартириш киритилиб, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш муддати ҳисобот йилининг 31 декабрига қадар узайтирилди. Шунингдек, қонун ҳужжатларида айрим муаммолар мавжудлиги ва уларнинг ҳали тўлиқ ҳал этилмаганлиги қайд этилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланган ижтимоий солиқ миқдори белгиланган суммадан кам бўлганда меҳнат стажини ҳисоблаш тартиби ва ортиқча тўланган солиқ маблағларини қайтариш механизми ҳали ишлаб чиқилмаганлиги таъкидланди.

Мажлис якунида мазкур масалаларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди ва Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?