Ўзимнинг тиллагина болам…
Вой, онанг ўргилсин сендан, болагинам! Айтивдинга, «ҳаммасини дўппослайман, йигит сўзи битта бўлади» деб. Мен эса бирор жойинг лат емасин, ҳушёр бўлгин болам, деб туну кун хавотирда эдим. Ҳеч телевизор экранига қарай олмаганман. Шу сафар юрагим дов бериб қарадим. Қарадиму сени қадди қоматингни, муштларингни бир-бирига қаттиқ уриб, чиқиб келишларингни кўриб, кўзларимга ёш келди. Нега ёш келмасин, сени катта қилишнинг ўзи бўлмаганку! Мен сени мушт ейиш учун туғмаганман. Ғолиб бўлишинг, ҳар жойдан нонингни ҳалоллаб ейиш учун дунёга келтирганман. Шунинг учун телевизорга қарашга қўрқаман. Бу сафар қарадим, болам.
Бокс деганиям ўзимизнинг ота-боболардан қолган курашга ўхшаб кетар экан. Фақат шу оёқ билан эмас, қўл билан курашилар экан. Қараб турибману, сенинг шаҳду шиддатингни кўриб, қувонаяпман. Шу пайт, бир воқеа рўй берди. Сен боёқиш қорагина боланинг жағига шундай туширдингки, нақ ринг, ринг эмас Парижнинг Эйфел минораси зириллаб кетди. Ундан ҳам менинг юрагим қаттиқ жизиллади. Боланинг бегонаси бўлмайди. Ўша болага жуда раҳмим келди. Уям умид билан олимпиадага келган. Унинг ҳам онаси, отаси, ака-укалари бор. Зарб уни эсанкиратиб қўйгани яқинларига қанчалик таъсир қилди. Она сифатида мен ҳам жуда азият чекдим. Бечорагина бола, ишқилиб ҳеч нарса қилмаган бўлсинда, дедим, юрагимни ҳовучлаб.
Эслайсанми, қўшни маҳалладаги ўзингдан анча катта бола сени сўкканида унга қандай зарба бергансан. Шов-шув бўлиб кетувди, ота-онаси келган, қавму қариндошлар, хуллас, тинчитгунча она сутимиз оғзимиздан келувди. Сени рингда рақибингга берган зарбангни кўриб, шу воқеа эсимга тушиб кетди. Тўғри, бу спорт, лекин бундай зарбаларга онанинг юраги дош бера олмайдида. Мени хурсанд қилган нарса шу бўлдики, сизлар шоҳсупага кўтарилганда, худди ака-укалардек, иноқлашиб кетдиларинг. Испан ҳам бағри кенг бола экан, сени қучоқлаб, ўз тилида нималардир деди.
Газетадан ўқиб қолдим, америкалик олимлар ўзбек боксчилари қандай қилиб, 5 вазнда олтин медаль олганининг сирини излашибди. Бунинг сабаблари ҳақида ўзлари билганича ёзишибди. Улар билмайди-ки, ўзбек болаларининг, айниқса қишлоқда ўсган ўғлонларнинг илиги тўқ. Улар билмайдики, қишлоқда бола эрталаб турганида янги соғилган сутга тандирдан энди узилган нонни бўктириб ейди. Янги сўйилган қўзичоқ гўшти шўрвасини ичади. Тоғнинг мусаффо ҳавосидан нафас олади. Маҳалла болалари бир-бири билан курашиб катта бўлади. Тоғда от чоптиради, кўпкарида улоқ айиради, давраларда кураш тушади. Ахир олтин медаль олган боксчиларнинг ҳаммаси ўзимизнинг қишлоқ боласида. Илиги тўқ, ғурури баланд уларнинг. Аслида улар медаль учун эмас, ор учун рингга чиқишди. Ўзбекистонни, ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйиш учун курашишди. Футболда ўхшамаган ғалабани боксда қойиллатишди.
Менинг тиллагина болам, кўксини олтин медаль безаган болам! Сенинг номинг тилга олинганда, мени ҳам эслашди. Отасига, онасига раҳмат, дейишди. Бутун Ўзбекистон, бутун дунё сизларни шарафлади. Ўзбекистоннинг бу ютуғи ўзбек оналарининг ҳам ютуғи, болам. Сенинг кўксингда ярқираб турган олтин медаль, менинг юрагимда акс-садо беряпти. Дунёни қойил қилдинг болам. Юртбоши қўнғироқ қилиб, «ўзимнинг фарзандларим» деди. Бундан ҳам ортиқ мукофот борми? Сизларни эл шарафлади, бундан ҳам юксак толе борми? Юртда рўй бераётган янгиланиш шабадаси спорт орқали дунё томонга эсди, Эйфел минорасини силаб ўтди. Ҳали ғалабалар олдинда болам. Бунга менинг ишончим комил…
Ғолиб боксчи онаси кўнглидан ўтган туйғуларни
Фахриддин БОЗОРОВ оққа кўчирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
- Инновацион ишланмалар ва илғор технологиялар намойиши
- Инсоният янги рекордни қайд этди
- Тошкентда Ўзбекистон ва Туркиянинг учта вазирлик ва идоралари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди
- 23 кун: Тошкентдаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати қисман чекланади
- Қувайт элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг