“Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига аъзо бўлди

15:37 03 Октябр 2023 Сиёсат
644 0

Ватанимиз тарихи саҳифасига яна бир муҳим воқеа қўшилди. Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган 74-Халқаро астронавтика конгрессида Халқаро астронавтика федерацияси ассамблеясининг навбатдаги сессиясида “Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига тўла ҳуқуқли аъзо бўлганини эълон қилди.

Халқаро астронавтика федерацияси (ИАФ) халқаро нодавлат, нотижорат илмий ташкилот бўлиб, у коинотни тинч мақсадларда тадқиқ қилиш муаммолари, шунингдек, ҳуқуқий нуқтаи назардан ракета ва космик масалалар билан шуғулланади.

Ташкилот 1950 йилда Парижда бўлиб ўтган И Халқаро Астронавтика Конгрессида 8 та давлат: Австрия, Аргентина, Буюк Британия, Дания, Испания, Франция, Германия, Швеция раҳбарлари томонидан ташкил этилган.

ИАФ вазифаларига қуйидагилар киради:

— тинчлик мақсадларида космонавтикани ривожлантиришга кўмаклашиш;

— космонавтикага оид маълумотларни кенг тарқатишда кўмаклашиш;

— кенг жамоатчиликнинг космонавтикага қизиқишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

— халқаро ва миллий илмий-тадқиқот институтлари, университетлар ва компаниялар орқали космик тадқиқотларда иштирок этишни рағбатлантириш;

— космонавтика билан боғлиқ фаннинг барча соҳалари бўйича тадқиқотларга бағишланган академиялар, институтлар ва комиссияларда фаолиятни ривожлантириш;

— халқаро конгресслар, симпозиумлар, коллоквиумлар ва бошқа илмий мажлисларни чақириш;

— космонавтика ва коинотни тинч мақсадларда тадқиқ қилиш билан боғлиқ барча соҳаларда тегишли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

Мамлакатимизнинг ИАФ аъзолигига қўшилиши қуйидаги имкониятларни беради:

— етакчи космик давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан космик соҳада ҳамкорликни кенгайтириш;

— мамлакатимизнинг жаҳон космик жамияти томонидан тан олиниши;

— молиявий имтиёзлар ва бонуслар;

— электрон кутубхонадан бепул фойдаланиш имконияти ва бошқалар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?