Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси тайинланди

12:44 24 Июль 2025 Жамият
129 0

Ўзбекистоннинг Шри-Ланкага янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев мамлакат давлат протоколи раҳбари Роҳана Амбаголлага ишонч ёрлиғи нусхаларини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Роҳана Амбаголла мазкур қадам икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим сиёсий қарор бўлиб, ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлашини таъкидлади.

«Шри-Ланканинг Ўзбекистон билан янги форматдаги ҳамкорликка очиқлиги тасдиқланди ҳамда президент Шавкат Мирзиёевнинг глобал Жануб билан яқинлашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланди», — дейилади хабарда.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида иқтисодий дипломатияни ривожлантириш масалалари, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Икки томонлама савдо айланмасининг ҳозирги ҳажми қониқарсиз экани қайд этилиб, ушбу кўрсаткични яқин истиқболда 50 млн долларга етказиш учун аниқ чораларни кўришга келишиб олинди.

Экспорт ва импорт суратларини ошириш учун транспорт ва логистика ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш, ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда онлайн платформа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?