Ўзбекистоннинг биринчи ва иккинчи рақамли шахматчилари бир кунда «Мағлублар йўлаги»га тушиб кетди

10:33 18 Июль 2025 Спорт
147 0

Лас-Вегас шаҳрида шахмат бўйича нуфузли «Freestyle Chess Grand Slam» турнирининг учинчи босқичи бошланди. Бу мусобақа шахматнинг анъанавий қоидаларига ўзгача ёндашувни талаб қиладиган, инновацион форматдаги беллашувлардан иборат бўлиб, жаҳоннинг энг кучли гроссмейстерларини бир жойга жамлаган. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи икки шахматчи — Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров ҳам иштирок этмоқда.

Тунги сессияда ўтказилган гуруҳ босқичи беллашувларида юртдошларимиз «Оқлар гуруҳи»да муваффақиятли иштирок этишди. Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров 7 тадан ўйин ўтказиб, ҳар бири 4,5 очкодан тўплашга муваффақ бўлди. Бу натижа уларга плей-офф — ғолиблар йўлидаги чорак финал босқичига йўл олиш имконини берди.

Чорак финалда Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистон шахмат мактабининг ёш ва истеъдодли вакили Аржун Эригаисига қарши беллашди. Иккита партиядан иборат дуэльда Нодирбек 0,5 : 1,5 ҳисобида мағлубиятга учради ва мусобақанинг ғолиблар йўлидан чиқиб кетди. Жавоҳир Синдаров эса америкалик Ҳанс Ниеманнга қарши дона сурди. Асосий икки партияда натижа 1:1 ҳисобида якунланди. Аммо тай-брэк баҳсларида Жавоҳир 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шу тариқа, икки ҳамюртимиз ҳам чорак финалда ўз юришларини тўхтатишди ва мусобақанинг ғолиблар йўлидан чиқарилди. Энди улар мусобақада мағлублар йўли орқали ўз иштирокларини давом эттирадилар. Бу йўл орқали ҳам асосий финалга чиқиш имконияти мавжуд бўлиб, улардан кейинги беллашувларда юқори натижалар кутилмоқда. Юртдошларимизга омад тилаймиз!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер