Ўзбекистонлик легионер Остон Уруновнинг ҳақиқий ёши нечада?

18:24 16 Декабрь 2020 Спорт
1568 0

Ижтимоий тармоқларда Россия премьер лигаси «Спартак» клубининг ярим ҳимоячиси Остон Уруновнинг ҳақиқий ёши нечада, деган масала атрофида қизғин баҳс мунозаралар бормоқда. Бунга «СКА-Хабаровск» жамоаси бош мураббийси Сергей Юраннинг Остон Урунов ҳужжатлардаги ёшига нисбатан "тўрт-беш ёш катта", деган иддаоси сабаб бўлди.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз Остон биринчи синфга борган Навоий шаҳридаги 2- умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, унинг биринчи ўқитувчиси Санобар Сафарова билан суҳбатлашдик.

— Остонни 2006 йил, ҳали етти ёшга тўлмаган(у 19 декабрда туғилган) пайтда биринчи синфга қабул қилганман, — дейди С. Сафарова. — Ҳаракатчан бола эди. Бўйи, жуссаси ҳам тенгқурлариникидан деярли фарқ қилмасди. Агар у ҳужжатлардагидан тўрт-беш ёш катта бўлса, тасаввур қилинг, 10-11 ёшли боланинг биринчи синфга келишини, шу сабаб бу бўҳтондан бўлак нарса эмас.

Остоннинг футболдаги биринчи мураббийси Абдухалил Иноятов бизга унинг футбол мактабига қабул қилинишидаги ҳужжатларини тақдим этди.

— Ўн икки ёшига қадар, яъни у «Пахтакор» футбол мактабига таклиф этилгунича Остон билан шуғулланганман, — дейди «Қизилқум» Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мураббийси А. Иноятов. — Унда жисмоний кўрсаткичлар билан бирга, вазиятдан келиб чиқиб тезда бир қарорга келиш ва дриблинг хусусиятлари кучли. Бу камдан-кам болаларга насиб этадиган қобилият. Унинг ёши масаласидаги гап-сўзларга келсак, русларда бир гап бор "чуж собачья", деган. Кечирасиз, қўполлик учун, бошқа сўз тополмадим.

Биз эса Остон "Спартак"ка ўтгунга қадар ўйнаган "Уфа" клуби директорлар кенгаши раиси Ростислав Мурзагуловнинг Сергей Юранга йўллаган сўзларидан хулоса сифатида фойдаланмоқчимиз.

— Сергей Николаевич — футбол оламида сўзсиз авторитетга эга, лекин геронтологияда (организм кексайиши ўрганувчи фан — изоҳ таҳририятники) салоҳиятли мутахассислар бор, — дейди Мурзагулов «Спорт экспресс» нашрига берган интервьюсида. — Остонга ҳатто сиртдан қараб ҳам унинг ниҳоятда ёшлигини билиш мумкин. У ҳали буюк футболчи бўлмаганлигининг сабаби ҳам айнан шунда. Юран берган ёшга етганида эса у ҳақиқатан машҳур футболчи бўлади. Сергей Николаевичга эса ҳозирги клуби ўйинларида муваффақиятлар тилайман!

Темур ЭШБОЕВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер