Ўзбекистонлик 1000 нафар ёш Германияга ишлаш ва таҳсил олиш учун юборилади

17:25 23 Май 2024 Жамият
369 0

Архив сурат

Самандар ПАРДАБОЕВ/ «Халқ сўзи». Юртимизда ёшларнинг чет тиллари ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни ички ва ташқи меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сифатида тайёрлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда йўлга қўйилган «Германияда касбий таълим» лойиҳаси ана шу мақсадга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга. Унинг доирасида 5 687 нафар йигит-қизларнинг немис тили ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилмоқда.

— Лойиҳанинг дастлабки босқичида немис тилини ўрганган 503 нафар ёш Германия Федератив Республикасида касбий таълим олиш ва ишлаш учун юборилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппаратининг бош мутахассиси Маҳлиё Шукурова. — Йил якунига қадар яна 1000 нафар йигит-қизни мазкур мамлакатга жўнатиш режалаштирилган. Ўтган ойда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш, немис тилини ўрганиш бўйича ҳудудларда мавжуд шароит ва имкониятларни таҳлил қилиш мақсадида немис тилини ўқитишга ихтисослашган репетиторлар ва ўқув марказлари ўртасида сўровнома ўтказилиб, таклифлар ўрганилди. Уларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, айни пайтда касбга йўналтирилган ҳамда немис тилини ўргатишга қаратилган видеодарсликларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда ёшлар ўртасида немис тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ва иштиёқни ошириш, тарғибот ишларини кенгайтириш ниятида «Глобал кўприк» номли илмий-оммабоп ҳужжатли фильм тасвирга олинди. Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида намойиш этилган фильмнинг илк сони Германияда ишлаб, таҳсил олаётган ёшлар ҳаётига бағишланди.

Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда республикамиздаги 33 та тиббиёт техникумларида ўқувчилар учун бепул немис тили курслари ташкил этилди. Андижон вилояти, Избоскан тумани «Урганжи» маҳалласида немис тилини ёшларга чуқур ўргатиш мақсадида 20 нафар ёш иштирокида немис тили ўқув курси ташкил этилди. Кейинчалик ушбу маҳалла тажрибаси асосида мамлакатимиздаги 9 452 та маҳаллада ёшларга немис тилини ўргатиш тизими йўлга қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер