Ўзбекистондаги янги ўзгаришлар – кузатувчилар нигоҳида

15:29 23 Октябр 2021 Сиёсат
313 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчиларга жойларда бўлиб, сайлов кампаниясини кузатишлари учун тўлиқ имкониятлар яратиб берилмоқда.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида бўлиб турган халқаро кузатувчилар ОАВ вакиллари билан мулоқотда дастлабки хулосаларини баён этдилар.

Айдана ЖУКУЕВА, Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси:

- Бир неча кундан бери Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жараёни билан танишиш имконига эга бўлдик. Бугун Самарқанддамиз. Бу тарихий шаҳар менга жуда ёқди. Шаҳардаги 157-сайлов участкасида бўлиб, у ердаги тайёргарликни кўрдим, комиссия аъзолари билан суҳбатлашдим. Ҳаммаси юқори даражада, қонун талаблари асосида ташкил этилган.

7-Самарқанд округ сайлов комиссиясидаги учрашувда ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим. Эртага Ўзбекистонда сайлов кўтаринки руҳда, сайловчиларнинг фаол иштирокида ўтишига ишонаман. Бунинг учун ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган.

Александр ЧЕРКАСКИЙ, “LTC Media Group” компанияси бош муҳаррири (Германия):

- Ўзбекистонда 5 йил олдинги Президент сайловида ҳам кузатувчи сифатида иштирок этганман. Самарқанд давлат чет тиллар институтида жойлашган 67-сайлов участкасида комиссия фаолияти ва сайловчилар учун яратилган шароитлар билан танишдик. Ҳаммаси ҳақиқатан ажойиб. Ўтган ва бу галги сайлов ўртасида кўплаб фарқлар бор. Бу ўзгаришлар менда яхши таассурот уйғотди ва ушбу ҳолат Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар ўз самараларини кўрсатаётганидан даракдир.

Уве ПРОЛЛЬ, “Behörden Spiegel” газетаси бош муҳаррири (Германия):



- Ўзбекистонда сайловга катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Кеча Тошкентда бу жараёнлар билан танишгандик, бугун Самарқанддамиз. Мен Ўзбекистонга келгунга қадар мамлакатингиз сайлов қонунчилиги билан танишгандим ва бу ҳақида бироз маълумотларга эга бўлгандим. Энди бунинг амалий ифодасини кўряпман. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясида бўлдик. Бу ерда бизга мамлакатингизда бу галги Президент сайловига кўрилган тайёргарлик, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.

Юртингизга келишимдан яна бир мақсад - Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг кафолати эканлиги билан яқиндан танишиш эди. Бу ниятим ҳам амалга ошганидан хурсандман. Юртингизга биринчи марта келдим ва бу серқуёш замин менга жуда ёқди.

Чо Гён ХИ, “The Korea Post” журнали вице-президенти (Жанубий Корея):

- Ўзбекистонда сайловлар ягона Сайлов кодекси асосида ўтказилиши менга манзур бўлди. Сайлов участкаларида барча тайёргарлик очиқ ва шаффоф ташкил этилган. Участкада сайловчилар учун қулай шароит муҳайё этилган. Айниқса, ногирон ва кексалар учун уйда овоз бериш имконияти яратилгани ўрганса арзигулик тажриба экан. Кореяга бориб, таассуротларимни батафсил ёзмоқчиман.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?