Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Туркияда бўлиб қайтди

22:05 24 Сентябр 2024 Маданият
786 0

Жорий йилнинг 14-19 сентябрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бир гуруҳ вакиллари Туркия Республикасида бўлиб қайтишди. Уларнинг иштирокида Туркияда қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва кўргазмалар ўтказилди.

Маълумки Туркия ғарб ва шарқ цивилизациялари, турли эллар, маданиятлар, тафаккур ва қарашлар туташган қадимий замин. Бу бетакрор мамлакатни Ўзбекистон билан боғлаб турадиган ришталар бисёр. Халқларимиз тарихи асрлар оша умумий илдизларга бориб тақалади.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар ҳар тарафлама мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятида Туркиядаги турли ташкилот ва тузилмалар, олим ва мутахассислар алоҳида ўрин тутади. Марказ аъзолари сафидаги бу галги ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам ўзаро илмий мулоқотни чуқурлаштириш ва тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Замон, макон ва маданий мерос

Ислом Ҳамкорлиги ташкилоти (олдиинги Ислом Конференцияси ташкилоти) ташаббуси билан 1979 йилда Истанбул шаҳрида ИРСИКА - Ислом тарихи, маданияти ва санъати тадқиқотлари марказига асос солинган. Айни пайтга қадар ушбу ташкилот ислом санъати ва маданияти, цивилизацияси   ва тарихини ўрганиш бўйича турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бу ташкилот Ўзбекистондаги бир қатор илмий-маърифий муассасалар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган.

Делегация вакиллари иштирокида 17 сентябрь куни ИРСИКА бош қароргоҳида “Янги Ўзбекистон: замон, макон ва маданий мерос” мавзусидаги фотокўргазма ташкил қилинди. Мазкур фотокўргазмада Ватанимизнинг бой табиати, тарихий обидалари, маданияти, урф-одат ва анъаналари, хусусан, Ўзбекистон-Туркия муносабатлари акс этган фотосуратлар намойиш қилинди.

Фотокўргазма доирасида ўтган “Ўзбекистон-Туркия: туташ илдизлар ва умумий мерос” мавзусидаги давра суҳбатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, ИРСИКА бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Тўпқопи саройи музейи директори Илҳан Кожаман, турк ва ичслом санъати музейи раҳбари Акрам Айтар, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев ва бошқалар икки халқ маданияти ва дўстлиги, ҳамкорликдаги лойиҳалар, Туркия тмузейларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари хусусида тўхталиб ўтдилар.

Ушбу тадбир давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий текшириш марказлари тақдимотлари ҳам ўтказилди.

- Ўзбекистон ИРСИКА билан ҳамкорлик қилаётган 57 та мамлакат орасида ислом маданияти ва меросини асраб-авайлаш борасида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда, - деди ИРСИКА бош директори Маҳмуд Эрол Қилич. - Бу борада Ўзбекистон Президенти ташаббуси амалга оширилаётган йирик лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги тадбирларда ҳам Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда маданий-маърифий соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар яққол аксини топди.

Ўзбек алломалари энциклопедияси яратилади

Шу куни тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом тадқиқотлар маркази (ИСАМ) ва ИРСИКА ўртасида “Ўзбекистоннинг буюк алломалари” энциклопедиясини яратиш бўйича келишиб олинди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ўз тарихида иккита буюк Ренессанс даврини бошдан кечирган, бу диёрда юзлаб буюк алломалар, мутафаккир олимлар, фозилу фузалолар етишиб чиққан, бетимсол кашфиётлар қилинган, илмий-маърифий, адабий-бадиий асарлар яратилган. Гарчи уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳар томонлама тадқиқ этилаётган бўлса-да, шу пайтга қадар бу олимларнинг барчасини қамраб оладиган энциклопедик тадқиқотлар амалга оширилмаган эди. Бу борада ислом цивилизацияси марказининг ташаббуси ИРСИКА мутахассислари ва туркиялик олимлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

- Ислом тадқиқотлари маркази 40 йиллик фаолияти давомида 46 жилдлик “Ислом энциклопедияси”ни чоп этди, - дейди Ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Муртазо Бедир. - “Ўзбекистоннинг буюк алломалари” эндиклопедияси лойиҳаси бизни ўзига жалб этгани бежиз эмас. Чунки, биз бу борада бир мунча тажрибага эгамиз ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда бу хайрли ишни амалга оширишга ҳозирмиз.

Энциклопедия электрон платформада ва босма нашр кўринишида, ўзбек, турк, инглиз ва бошқа тилларда тайёрланиши кўзда тутилган.

Музейлар - мозий кўзгуси

Истанбул нафақат қадим тарихи, бетакрор табиати, тарихий ва замонавий обидалари, балки ўзига хос музейлари билан ҳам сайёҳларни лол қолдириб келади. Зотан Рим Империяси,   Византия, Усмонийлар даврида дунёнинг марказий нуқтаси, Ғарбу Шарқни боғловчи олтин кўприк вазифасиним ўтаган қадимий ва навқирон Истанбулнинг ҳар кўчаси, ҳар бир гўшасида олис тарих излари билан юзма-юз келасиз.

  • Биргина Тўпқопи саройини кўрин учун ҳар куни минглаб сайёҳлар дунёнинг турли ўлкаларидан Истанбулга ошиқадилар. Усмонийлар салтанатининг нашъу намоси, тантанаси ва таназзулига шоҳид бўлган бу гўзал меъморий обида бугун жонли музейга айлантирилган. Бу ерда Ислом тарихига оид энг мўътабар манбалар ва тарихий ашёлар, пайғамбарлар ва саҳобаларга оид шахсий буюмлардан тортиб, ҳукмдорларнинг тожу тахти, муҳру фармонларига қадар тенгсиз тарихий осори атиқалар билан танишиш мумкин.
  • Саройдан шунингдек, Амир Темур ва темурийлар даврига оид тарихий буюмлар, Ҳусайн Бойқаро топшириғи ўрам шаклида битилган Қуръони карим нусхаси, Бухоро Амири Саййид Олимхоннинг Султон Абдулҳамид II га юборган ҳадялари сингари кўплаб артефактлар ўрин олган. Музей экспозициялари билан бизни Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий саройлар бошқармаси раисининг ўринбосари Абдулҳамид Туфекчиўғли ҳамроҳлик қилди. У меҳмонларга Туркияда музейлар ва маданий меросни асраш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

Сафар давомида Туркиядаги машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини ўз ичига олган Очиқ осмон остидаги Miniatürk музейи, “Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейи, Туркия Замонавий санъат музейи, Истанбулнинг Усмоний султон Меҳмед Фотиҳ томонидан фатҳ этилишига бағишланган “Панорама 1453” музейи, Фуат Сезгин илм-фан ва технологиялар тарихи музейи ва Аё София тарихи музейида қатор учрашувлар ўтказилди. Марказ мутахассислар ушбу тарихий обидалар ва музейлар, кутубхона ва бошқа маърифий муассасалар тажрибасини ўрганишди. Бу масканларда қўлланилган замонавий технологиялар, 3Д форматидаги видеолавҳалар, махсус эффектлардан Ўзбекистон Ислом цивилизацияси музейида фойдаланиш бўйича келишувларга эришилди.

Туркия тарихидаги муҳим масканлардан бири - Дўлмабоғча саройида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий саройлар бошқармаси раҳбарлари учрашувида муштарак миллий меросимизни ўрганишда илмий куч ва имкониятларни бирлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

“Мен Янги Ўзбекистонда тарихий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни қувонч билан кузатиб бораман ва бу ишларнинг бошида турган муҳтарам Президентингиз Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдираман, - деди Миллий саройлар бошқармаси раиси Ясин Йилдиз. - Ўзбек дўстларимизнинг бу галги ташрифи бу борадаги алоқаларимизни мустаҳкамлашда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Жумладан, ўзбек ва турк олимларининг ҳамкорлиги доирасида қўшма форум ташкил қилишни режалаштиряпмиз. Қолаверса, Туркиядаги миллий саройлар, музей ва кутубхоналар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан янги китоб-альбомлар чоп этиш бўйича ҳам ўз таклифларимизни берамиз”.

Қўлёзмалар сўзлаганда...

Туркия кутубхоналарида Ислом оламидаги энг нодир ва қадимий қўлёзмалар жамланган. Айни пайтда Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлигининг Қўлёзмалар бошқармаси фаолият кўрсатмоқда. Бошқарма таркибидаги Сулаймония кутубхонасида ушбу қўлёзмаларни сақлаш, ўрганиш ва келгуси авлодларга бешикаст етказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Сафаримиз давомида Кутубхонада сақланаётган қўлёзмалар фонди билан танишилиб, китобларни сақлаш шароитлари ўрганилди ва тажрибалар алмашилди.

- Бугунги кунда Сулаймония кутубхонасида 200 мингдан ортиқ тарихий қўлёзмалар энг замонавий шарт-шароитларда сақланмоқда, - дейди Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмаз. - Уларнинг салмоқли қисми бевосита бугунги Ўзбекистон замини билан боғлиқ. Уларни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилишда ўзбекистонлик олимлар ва мутахассислар билан ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда бир қатор тарихий асарларнинг факсимиль нусхаларини яратиш бўйича келишиб олдик.

Шундан сўнг Маданият ва туризм вазирлигига қарашли Ромий кутубхонаси реставрация лабораторияси - “Китоб шифохонаси”да бўлиб, у ердаги иш жараёнлари, қадимий қўлёзма манбаларни тиклаш-таъмирлаш тажрибалари билан танишдик. Ромий кутубхонаси жойлашган тарихий бино Усмонийлар салтанатининг сўнгги даврида ҳарбий қисм вазифасини бажарган. “Ромий” сўзи ҳар асли ўқчи, мерган маъноларини англатади. Бу ерда қадимий қўлёзмаларни таъмирлаш, реставрация қилиш ишлари йўлга қўйилган. Биз бу ерда малака оширишга келган ўзбекистонлик мутахассисларни ҳам учратдик.

- Бу ерга бизнинг ходимларимиз ҳар йили тез-тез келиб қадимий қўлёзмаларни таъмирлаш бўйича туркиялик мутахассислар тажрибасини ўрганишмоқда. - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Йўлдошхон Исаев. - Китобларни каталоглаштириш, электронлаштириш ва таъмирлаш бўйича олинган кўникмалар марказимиздаги қадимий қўлёзмаларни асраш ва таъмирлашда қўл келмоқда.

Марказ мутахассислари томонидан Қўлёзмалар бошқармасига Сулаймония ва Ромий кутубхоналари тажрибалари яқиндан ўрганилди. Бир қатор тарихий нодир қўлёзмалар, жумладан Қуръони каримнинг Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон даврида яратилган, темурий шаҳзода Бойсунқур Мирзо томонидан кўчирилган нусхаларининг факсимиль нашрларини яратиш юзасидан музей раҳбарлари билан келишувларга эришилди.

Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмаз томонидан “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг XIII асрда кўчирилган энг қадимги тўлиқ қўлёзмасининг факсимиль нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий инновацион музейига ҳадя қилинди.

Буюк ватандошимиз руҳига эҳтиром

Айюб Султон мақбараси Истанбулнинг гавжум ва файзли гўшаларидан бири. Бу ерда пайғамбаримизнинг яқин саҳобаларидан бири Абу Айюб Холид ибн Зайд ал-Ансорий дафн қилинган. Манбаларга кўра, Абу Айюб Ансорий асли мадиналик бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларида дастлаб унинг уйида яшаганлар. Ансорий ҳазратлари Расулуллоҳ (с.а.в)га бир қанча жангларда ҳамроҳлик қилган. Кексайиб қолганига қарамай, 674 йилда мусулмонлар томонидан Константинополни қамал қилишда иштирок этган ва шаҳар девори яқинидаги жангда шаҳид бўлган.

Шаҳар 1453 йилда турклар томонидан қўлга киритилгач, Абу Айюб Ансорий қабри аниқланади ва у ерда ҳукмдор Фотиҳ Султон Меҳмет томонидан мақбара бунёд этилади. Кейинчалик бу ерда кўплаб усмонийлар хонадони вакиллари, шаҳзодалар ва амирлар, таниқли шахслар дафн қилинган. Улар орасида буюк ватандошимиз Самарқанд астрономия мактаби вакили Али Қушчи (1403-1474) ҳам бор.

Aлоуддин Aли ибн Муҳаммад Қушчи Мирзо Улуғбекнинг энг ишончли дўсти ва шогирди бўлиб, у 30 га яқин асар, шу жумладан, устозининг “Зижи Кўрагоний асарига шарҳ ёзган. Мирзо Улуғбекнинг фожиали ўлимидан сўнг, бир муддат Табризда яшаган олим 1473 йили Фотиҳ Султон Меҳметнинг таклифига биноан Истанбулга келган. Султоннинг ўзи унга Aё София масжидини расадхона сифатида топширган. Aли Қушчи у ерда талабаларга дарс берган, аммо кўп ўтмай, шу ерда вафот этган. Олимга ҳурмат нуқтаи наҳарида уни Истанбулнинг энг қутлуғ қадамжоси - Абу Айюб Ансорий мақбарасида дафн этадилар. Айни пайтда ўнлаб қабрлар орасида биргина Али Қушчи қабр тошида унинг қисқача ҳаёт йўли зарҳал ҳарфларда битилган.

Делегация вакиллари Истанбулнинг Айюб Султон мақбарасида дафн қилинган Али Қушчи қабрини зиёрат қилиб, унинг руҳига ҳурмат бажо келтиришди. Қуръони тиловат қилиниб, буюк бобокалонимиз руҳи шод этилди.

Истанбулнинг ўзбекона обидаси

Туркия ҳудудида бир неча асрлик тарихга эга бўлган ўзбек маҳаллалари, карвонсаройлар, меҳмонхоналарни учратиш мумкин. Ана шундай масканлардан бири Истанбулнинг Осиё қисмида, Ускудар тумани ҳудудида жойлашган “Ўзбеклар хонақоҳи”(Özbekler tekkesi) дир.

Маълумотларга кўра, 1752 йилда турк султони Маҳмуд I Истанбул яқинида ов қилиб юрганида, баланд ялангликка тикилган чодирларни кўриб қолади ва табиийки, бу ерда кимлар борлиги билан қизиқади. Маълум бўлишича, бу жойда Ҳаж сафарига отланган бухороликлар йўлга чиқишга ҳозирлик кўришаётган экан. Суҳбат асносида ўзбек ҳожилар шу ерда ҳар йили тўхтаб ўтишлари, нақшбандия тариқатига мувофиқ, зикр ва ибодатларини адо этишларини айтишади.

Шундан сўнг, султон бу ерда ўзбеклар учун барча шароитларга эга бўлган такя – хонақоҳ қуришни буюради. Кейинчалик хонақоҳ Истанбулда қолиб кетган ўзбекларнинг севимли масканига айланади. Юртимиздан борган нақшбандия тариқатининг бир қанча мансублари шу хонақоҳда доимий макон тутишади. Хонақоҳ бир неча оилага ва меҳмонларга мўлжалланган хоналар, масжид, кутубхона, зикрхона, ошхона ва бошқа қурилмаларни ўз ичига олган. Хонақоҳнинг орқа томонида шу ерда вафот этган ҳамюртларимиз қабристони жойлашган.

Хонақоҳ усмонийлар салтанатининг сўнгги йилларида, миллий озодлик уруши даврида ҳарбий истеҳком вазифасини ҳам ўтаган. Хонақоҳда 1919 йилда турк миллий армияси аскарлари учун госпиталь жойлаштирилган.

Бугунги кунда бу ерда İSAR (Ислом тадқиқот ва таълим вақфи) жойлашган бўлиб, тасаввуф тарихи бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Шу билан бирга, дунёнинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар бу хонақоҳга тез-тез ташриф буюриб унинг тарихи билан боғлиқ маълумотларга эга бўлишади.

Сафаримиз кунлари Ўзбеклар хонақоҳи (теккеси)га ҳам кириб ўтилди. Мазкур хонақоҳ ҳақида Мармара университетининг Илоҳиёт факультети тадқиқотчиси Умар Кочйигит қизиқарли маълумотларни сўзлаб берди. Мулоқот давомида у ИСАР ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Марказ томонидан чоп этилган, ҳамюртларимиз тарихига оид “Sültantepe Özbekler tekkesi” китоби ўзбекистонлик делегация аъзоларига ҳадя қилинди. Мазкур китобни Ўзбекистондаги илмий тадқиқот марказилари томонидан ҳам ўрганиш, маъқул кўрилса, ўзбек тилида чоп этиш таклиф этилди.

“Эсда қоларли ва манфаатли ташриф”

Марказ раҳбарияти томонидан қардош юртдаги матбаа корхоналари, хаттот, ношир ва дизайнерлар билан ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу галги сафар пайтида “Мега Басим” нашриёт уйи директори Ҳасан Конду, Қуръони каримни 1500 йиллик хат ва безак услубларини ўз ичига олган қўлёзма хаттоти Ҳусайн Кутлу билан учрашувлар ҳам қизғин руҳда кечди. Туркиялик ноширлар билан “Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар”, “Клавихонинг Амир Темур салтанатига саёҳати”, “Қуръони каримнинг 114 нодир қўлёзмаси”, “Ўзбекистоннинг ноёб мусҳафлари” китоб-альбомларини чоп этиш бўйича келишувларга эришилди.

Учрашувлар ва музокаралар Анқара шаҳрида ҳам давом этди. 17 сентябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Анқара университети Илоҳиёт факультети ҳамда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллат кутубхонасида юртимиздаги мазкур марказларнинг тақдимотлари ташкил этилди.

Сафар асносида Туркиядаги йирик маданий-маърифий марказлар, кутубхона ва музейлар, олий таълим муассасаларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказларида чоп этилган китоб ва альбомлар туҳфа қилинди.

- Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдига бой ва қадимий ўтмишимизни чуқур тадқиқ ва тарғиб этиш, халқимизнинг жаҳон тарихи ва маданиятига қўшган салмоқли ҳиссасини намоён этишдек шарафли ва масъулиятли вазифаларни қўйдилар, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухолиқов. - Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш муҳим ўрин тутади. Шу маънода Туркияга бу галги ташрифимиз жуда эсда қоларли ва манфаатли бўлди. Туркиядаги музей ва кутубхоналаридаги Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатлар билан яқиндан танишиб, икки халқ маданияти, тарихи ва тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканига янада бир ишонч ҳосил қолдик. Бу сафаримизнинг самаралари кейинги фаолиятимиз йўналишларини аниқ ва тўғри белгилаб олишимизда катта ўрин тутади.

Рустам Жабборов

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?