Ўзбекистондаги айрим мактабларда фанлар чет тилида ўқитилади

15:42 03 Апрель 2024 Жамият
696 0

Архив сурат

2024/2025-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда айрим фанлар чет тилида ўқитилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилнинг 1 апрелда қабул қилинган «Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ 2024/2025-ўқув йилидан Ўзбекистондаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда чет тилини билиш бўйича камида B2 даражадаги сертификатга эга бўлган ўқитувчилар томонидан фанларни чет тилида ўқитиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, математика, физика, кимё, биология, табиий фанлар (science), информатика ва ахборот технологиялари фанларидан дарсларни чет тилида олиб борган ўқитувчиларга тариф ставкасига нисбатан 100 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

Бундан ташқари, 2024/2025 ўқув йилидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда Фанлар академияси академиклари иштирокида дарс ўтиш амалиёти йўлга қўйилади.

Мазкур мактабларда ўқувчиларнинг яратувчанлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дарслар ташкил этилади.

Ўқувчиларга амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларида кўмак кўрсатилади.

Ўқувчилар ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этилади ҳамда Фанлар академияси тизимидаги илмий лабораторияларда олиб борилаётган лойиҳалар билан таништирилади.

Ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш мақсадида «Ёш академиклар» клублари ташкил этилади.

Ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида таълим, ахборот технологиялари, яшил энергия, экология, иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратишни назарда тутувчи «Ихтирочиликка қадам» танлови ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер