Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шароф Бошбеков вафот этди

17:08 26 Январь 2022 Жамият
599 0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 2022 йилнинг 26 январь куни оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.

Шароф Бошбеков 1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган. Ўқишни тугатгач, Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1983-1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986-1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилди.

Шароф Бошбеков ёзувчилик ижодини 1980 йилда “Тақдир эшиги” номли комедия билан бошлаган. Шундан сўнг адибнинг бирин-кетин ёзилган “Г” варианти” (1981), “Ғурур” (1982), “Жумбоқ” (1986) ҳикоялари, “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” (1983) драмаси, “Эшик қоққан ким?” (1987), “Эски шаҳар гаврошлари” (1998), “Темир хотин” (1989) каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди. “Темир хотин” комедияси нафақат республикамиз, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилди. Мазкур асар аввал Республика миқиёсида ўтказилган театр фестивалида бош соврин – “Гран-при”ни қўлга киритди, сўнгра Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўтказилган театр фестивалининг мутлоқ ғолиби, деб топилди. Ушбу пьеса асосида бадиий фильм, оперетта ишланди. Асар 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Мақсуд Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ топилди.

“Эшик қоққан ким бўлди?” (1989), “Фалакнинг гардиши” (2009), “Мусофир бўлмагунча” (2009), “Тентак фаришта” (2010), “Чархпалак” (2017), “Танланган асарлар” (“2021”) каби тўпламлари нашр этилган.

Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.

Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси кўп сонли аъзолари ва адабиёт мухлислари номидан адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?