Ўзбекистонда болалар саратонига қарши курашиш дастури қабул қилинади

16:03 07 Май 2025 Сиёсат
135 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида юртимизда болалардаги онко-гематологик касалликларнинг ярмидан кўпи сўнгги босқичларда аниқланаётгани қайд этилди.

Шу боис, худди онкологияда бўлгани каби болалар саратонига қарши курашиш бўйича ҳам беш йиллик дастур қабул қилинади. Бунга камида 110 миллион доллар йўналтирилади.

Болалар онко-гематология маркази ҳузурида «Болалар саратони бўйича академик хаб» ташкил қилиниб, юқори малакали хорижий мутахассислар олиб келинади.

Марказий Осиёда ягона бўладиган ушбу академик хабда минтақамиздаги шифокорлар болалар саратони касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш бўйича халқаро стандартлар асосида ўқитилади.

Шунингдек, жойлардаги болалар шифохоналарининг онко-гематология бўлимлари касалликни эрта босқичда аниқлайдиган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади.

Бу ишларни ташкил қилиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Мамлакатимизда ҳар йили 600-700 миллион доллар маблағ самарадорлиги исботланмаган ва ўрганилмаган дориларга сарфланмоқда. Бундай дориларнинг импортдаги улуши 42 фоиз.

Ривожланган давлатлар далилларга асосланган тиббиётга таяниб, кенг миқёсда ўтказилган клиник тадқиқотлар орқали самарадорлиги ва хавфсизлиги исботланган дорилардан фойдаланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига халқаро тан олинган манбаларда «самарасиз ёки самараси ўрганилмаган» деб топилган препаратларни клиник протоколлардан чиқаришни бошлаш топширилди.

Барча тиббиёт муассасалари, биринчи галда болалар шифохоналарида антибиотикларни асосли қўллаш бўйича комплекс ревизия ўтказилади ва протоколларга амал қилмаган ходимларга нисбатан чора кўрилади.

Бош прокуратурага рецептли дориларни ноқонуний сотганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

«Электрон рецепт» тизимини Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тўлиқ ишга тушириб, бутун республикага намуна қилиш вазифаси қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?