Ўзбекистон – яшил иқтисодиёт ва экологик барқарорлик йўлида

09:35 16 Январь 2025 Сиёсат
575 0

Муҳтарам Президентимизнинг «Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги» саммитидаги «яшил» ривожланиш ва барқарор энергетика тизимини ривожлантиришга бағишланган нутқи мамлакатнинг экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги қатъий қарорларини янада мустаҳкамлайди. Ушбу нутқ иқлим ўзгариши ва глобал энергия муаммоларига жавоб бериш борасида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда олиб бораётган ташаббусларини самарали акс эттиргани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон 2025 йилни «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилди. Бу нафақат мамлакатимизнинг ўз ички ривожланишига, балки глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашдаги масъулиятини ҳам яққол намоён қилади. «Яшил» иқтисодиётга ўтиш, иқлим ўзгаришини юмшатиш ва табиий ресурсларни тежамкорлик билан ишлатиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Ўзбекистоннинг инвестиция лойиҳаларида «яшил» компонентларни ошириш ҳамда зарарли газларни мониторинг қилиш ва эмиссия савдо тизимларини жорий этиш каби ташаббуслари мамлакатнинг глобал иқлим сиёсатидаги ўрни ва масъулиятини кўрсатади. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашишда нафақат ўзининг, балки бутун минтақанинг ҳиссасини сезиларли даражада оширишга қаратилгани билан муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, саммитда давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбаларига бўлган катта салоҳияти мавжудлиги сабаб Марказий Осиё ва унинг энергетик ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш ғояси янада илгари сурилган. Бундан кўзланган асосий мақсад эса минтақавий ҳамкорликни кучайтиришдир.

Бирлашган Араб Амирликлари билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва «Масдар» компанияси билан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, албатта, Ўзбекистоннинг «яшил» ривожланиш тамойилига бўлган содиқлигини ва дунё миқёсида барқарор энергетика тизимларини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларга ўзининг муносиб ҳисса қўшилишини англатади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг илмий марказлар, экспертлар ва олимлар билан ҳамкорликда «Green university» ни ташкил этиши ва илмий тадқиқотлар бўйича янги ташаббусларни илгари суриши, минтақада экологик муаммоларни ҳал қилишда янги имкониятларни яратиш борасида сезиларли ютуқларни келтириши мумкин.

Бундан ташқари, «Яшил макон» дастури ва қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда экологик тоза ривожланишни таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашда қўшган ҳиссаси, айниқса, Марказий Осиёда муҳим. Минтақада «яшил» энергия ва экологик барқарорликка ўтиш учун кучли ҳамкорлик ва келажакдаги изчил стратегиялар керак. Бу борада Ўзбекистон ўзининг илгари сурган ташаббуслари билан Марказий Осиё ва бутун дунёда иқлим ўзгаришини юмшатиш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим ўринни эгаллаши учун имконияти етарли.

Муҳтарам давлатимиз раҳбари маърузаси давомида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган тайёрлиги бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос аҳамиятини янада оширади.

Ўзбекистоннинг бугунги иқлим сиёсати нафақат унинг иқтисодий ва экологик барқарорлигини таъминлайди, балки бутун дунё бўйича иқлим ўзгариши масаласида салбий оқибатларни бартараф этишга қаратилган жаҳон миқёсидаги ҳаракатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида хизмат қилади.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг «яшил» ривожланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари, мамлакатнинг дунё миқёсида ўзининг масъулиятли позициясини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасидаги Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши икки давлатнинг ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги даражага кўтариш борасидаги жиддий ниятини акс эттиради. Ушбу ҳужжат, шунингдек, икки томонлама муносабатлар доирасида амалга ошириладиган янги ташаббуслар ва лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратади.

Шунингдек, маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашувни ривожлантириш ва халқларни янада яқинлаштиришга ёрдам беради. Маданий алмашувлар нафақат туризм, балки халқаро дипломатия ва халқаро муносабатлар соҳасида ҳам алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги бу янги келишувлар нафақат икки мамлакатнинг манфаатларига хизмат қилади, балки бутун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу, албатта, янги глобал иқтисодий шароитда муваффақиятли ривожланишнинг асосий омилларидан бирига айланади.

Элдор Шерманов,

Юнус Ражабий номидаги ЎзММСИ ректори в.б.,

педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?