Ўзбекистон ва Россия нотариал палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Фото: "Халқ сўзи"
Самарқандда «Нотариат фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги халқаро конференция ўтди.
Унда ўз фаолиятини энг яхши хорижий тажрибаларни ўрганиш, нотариат соҳасига жорий қилиш, шу билан бирга Ўзбекистон тажрибасини дунёга ёйиш орқали Ўзбекистон имижини яхшилашга ҳисса қўшиш мақсадида олиб бораётган Ўзбекистон Нотариал палатаси бугун Россия Федерацияси Федерал Нотариал палатаси делегацияси иштирокида ўтказилди.
Конференция ишини Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Д. Ашуров очди ва мамлакатимиз нотариат соҳасига жорий қилинган янгиликлар, палатанинг хорижий ҳамкорлар билан олиб бораётган музокаралари ҳамда имзоланган меморандумлар доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Нотариал палатанинг қисқа давр оралиғида Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Конференцияда Россия Федерацияси Федерал Нотариал палатасининг президенти Константин Корсик бугунги куннинг долзарб мавзуси – нотариатни рақамлаштириш мавзусида чиқиш қилди. Бу борада Россия Федерациясида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Ўзбекистонда нотариат соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар, ташкил этилганига 2 йилдан ошган Нотариал палатанинг эришган муваффақиятларини эътироф этди.
Шундан сўнг Россия Федерал Нотариал палатаси ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳар иккала тараф ушбу ҳамкорлик доирасида самарали ишлар амалга оширилиши, бир-бирларидан ўрганиши лозим бўлган жиҳатлар мавжудлигини эътироф этдилар. Бундай ҳамкорликлар доирасида соҳани такомиллаштириш орқали фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг қулай ва шаффоф бўлишига эришиш эканлиги таъкидланди.
- Биз атиги 3 йилга яқин муддатда фаолият юритаётган, шу билан биргаликда 30 йиллик тажрибага эга Россия Федерацияси хусусий нотариусларининг фаолиятига ҳам жорий қилса бўладиган янгиликлари бор Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорлик меморандуми имзолаганимиздан хурсандмиз, - деди ўз интервьюсида Россия Федерал Нотариал палатаси президенти Константин Анатолевич Корсик. - Биз бир неча бор учрашувлар, онлайн ва оффлайн суҳбатлар ўтказиш орқали, бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатлар борлигини, ҳамкорлик меморандумимиз орқали Россия ҳамда Ўзбекистон фуқаролари учун жуда катта қулайликлар яратишимиз мумкинлигига ишонч ҳосил қилганимиздан кейин, бу ҳамкорлик меморандумини имзоладик.
Халқаро конференция доирасида яна бир муҳим тадбир ўтказилди, яъни Москва шаҳар Нотариал палатаси ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатасининг Самарқанд вилоят бошқармаси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Шундан сўнг, халқаро конференцияда Москва шаҳар нотариал палатаси халқаро ҳамкорлик комиссияси аъзоси Юрий Кашурин «Масофавий нотариат» мавзусида маъруза қилди. Унда масофавий нотариатнинг ҳуқуқий асослари, масофадан туриб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби, унинг афзаллик томонлари тўғрисида батафсил тақдимот қилди.
- Ҳозирги глобаллашув замонида масофавий нотариат ҳар қачонгидан долзарб, ушбу жараённи амалга ошириш фуқароларимиз учун жуда катта қулайликларни яратади, - дейди Нотариал палатанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Зоиров.
Халқаро конференция доирасида Федерал палатанинг Бошқаруви аъзоси, Самара вилояти нотариал палатаси президенти Галина Юревна Николаева «Нотариус томонидан таъминланган далиллар кучи» мавзусида тақдимот қилди.
Далилларни таъминлаш Россия нотариуслари томонидан амалиётда қандай амалга оширилаётганлиги, бунда нималарга эътибор бериш кераклиги, далилларни таъминлаш муддатлари, шароитлари, тартиби ҳақида батафсил тушунча берди. Айтиш жоизки, далилларни таъминлаш амалиёти Ўзбекистонда ҳам жорий этилган бўлиб, бу борада илк амалиёт ўтган йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган эди.
Конференцияда, шунингдек, Халқаро ҳамкорлик бўйича Федерал нотариал палата комиссияси аъзоси, халқаро алоқалар бўйича Москва шаҳар нотариал палатаси комиссияси аъзоси Елена Образсованинг «Эр-хотиннинг биргаликдаги орттирган мулкини, шу жумладан, юридик шахсларнинг улушларини ва мол-мулкини тасарруф этишнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусидаги маърузаси тингланди. Ҳар иккала томон учун жуда долзарб аҳамиятга эга бўлган ушбу маърузада Россия нотариуслари амалиётида эр ва хотиннинг умумий мулки, шу жумладан, юридик шахсларда уларнинг улушлари ва мол мулки қандай тартибда тасарруф этилиши, қайси ҳолатларда мулкни тасарруф этишда эр-хотиннинг розилиги олиниши ҳақида маълумот берди. Мавзу юзасидан қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.
Конференция доирасида меҳмонлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими Умиджон Валиев томонидан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимини тақдимот қилинди.
«Нотариус» ААТ хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда фуқаролар учун жуда катта қулайлик яратган. Айниқса, давлат органлари ва ташкилотларининг электрон базаси билан интеграция қилинганлиги, фуқароларнинг ташкилотлар ўртасида сарсонгарчиликларининг олдини олади. Мисол учун, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати электрон базаси билан интеграция фуқарога тегишли автомототранспортнинг русуми, рақами, унга қўйилган тақиқ ва бошқа маълумотларни тизим орқали кўриш имконини беради.
Россиялик нотариуслар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида нотариал ҳаракат учун тўловлар қандай амалга оширилиши билан танишдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг