Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги
2022 йил 13 май куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норовнинг Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот МДҲ ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг Душанбе шаҳридаги навбатдаги Мажлиси доирасида ташкил этилди.
Учрашувда қайд этилганидек, икки мамлакат раҳбарларининг доимий алоқалари, очиқ ва ишончли мулоқоти ва қатъий сиёсий иродаси натижасида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик ва яхши қўшничилик муносабатлари руҳида жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо айланмаси юқори суръатларда ўсаётгани алоҳида қайд этилди.
Ташқи ишлар вазирлари 2022 йил 1 апрель куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси чегара ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг 4-Мажлиси якунларини ижобий баҳоладилар. Тадбир давомида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги эътироф этилди.
Музокараларда савдо ва инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, туризм, минтақалараро ҳамкорлик ва маданият соҳаларидаги Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараларини дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига амал қилган ҳолда делимитация қилиш ва демаркация қилиш бўйича музокараларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирларга тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонларнинг қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида икки томонлама алоқаларни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишини таъкидладилар.
Учрашув очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг