Ўзбекистон учун тарихий имконият

09:30 04 Апрель 2025 Жамият
19 0

Бугун бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган. Самарқанд шаҳри UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясини ўтказиш жойи сифатида расман тасдиқланди. Ушбу ҳолат Ўзбекистон тарихига муҳим воқеалардан бири сифатида муҳрланиб қолиши, шубҳасиз. Чунки мазкур нуфузли анжуман илк бор Париждан ташқарида ўтказилади. Бу нафақат мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини оширади, балки Ўзбекистоннинг очиқлиги, маданий бойлиги ва глобал жараёнлардаги фаол иштирокини яна бир бор амалда намоён этади.

Бу қарор ижодий индустрия вакилларининг машаққатли меҳнати, халқ дипломатияси ва энг юқори даражадаги музокаралар натижасида қўлга киритилди. UNESCO — маданият, таълим, фан ва меросни асраш соҳаларида дунёдаги энг муҳим ташкилотлардан бири сифатида тан олинган бўлиб, 43-конференциясининг Самарқандда ўтказилиши халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон тараққиётига бўлган ишончини янада ошириб юборди.

Самарқанд — минг йиллик тарихга эга шаҳар, Шарқ ва Ғарб маданиятлари туташган муқаддас маскан сифатида дунёга машҳур. Регистон майдони, Шоҳи Зинда мақбараси, Бибихоним масжиди каби тарихий обидалар нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун инсониятнинг маданий мероси сифатида эътироф этилган. Шу билан бирга, Самарқанд сўнгги йилларда халқаро анжуманлар ҳамда конференцияларни муваффақиятли ўтказишга мос замонавий инфратузилмага эга бўлди. Туризм ва логистика соҳасидаги жадал ўзгаришлар эса шаҳарни янада жозибадор қилмоқда.

UNESCO каби нуфузли ташкилотнинг Ўзбекистонга эътибор қаратиши мамлакатимизни глобал маданий жараёнларда етакчи давлатлардан бирига айлантиришга хизмат қилади. Бу Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим қадамдир.

Самарқандга дунёнинг турли бурчакларидан юқори мартабали меҳмонлар, экспертлар ҳамда делегатлар ташриф буюриши кутилмоқда. Бу нафақат шаҳар, балки бутун мамлакатимизни туристик ва инвестицион жиҳатдан янада жозибадор қилади.

Анжуман Ўзбекистон маданияти ва санъатининг халқаро миқёсда кенгроқ ўрганилиши ва қадрланишига ҳам замин яратади. Бу эса миллий меросимизни дунёга танитишда янги имкониятларни очади. Тадбирда иштирок этувчи ташкилотлар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари кенгаяди. Ўзбекистон ижодий соҳаларда янги лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилади.

Анъанавий тарзда Самарқандда бўлиб ўтаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалларида ҳар йили дунёнинг 70 дан зиёд давлатидан нуфузли меҳмонларнинг ташриф буюраётганлиги, UNESCO рўйхатига киритилган тарихий обидалар, шунингдек, “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм марказининг барпо этилганлиги Ўзбекистоннинг бой миллий-маданий тарихи, бугуни ва келажагидан далолат беради.  

UNESCO Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон учун нафақат бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга, балки келажакда янада нуфузли халқаро тадбирларни қабул қилиш имконини берувчи муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимиз халқ дипломатияси орқали маданий ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим ва фан соҳасида ривожланишни жадаллаштириш, шунингдек, миллий меросни тарғиб қилишда катта ютуқларга эришади. Самарқанд эса ушбу конференция орқали нафақат тарихий меросга эга шаҳар сифатида, балки замонавий халқаро тадбирлар маркази сифатида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлайди. Бу – Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар дипломатияси юксалишининг янги босқичи бўлиб, мамлакатимиз учун тарихий бурилиш нуқтаси сифатида қайд этилади.

Ўзбекистон учун бу улкан имконият нафақат бугунги ютуқларнинг, балки келажакдаги муваффақиятларнинг рамзига айланади. Самарқандда ўтадиган UNESCO Бош конференцияси — мамлакатимизнинг дунёдаги нуфузли давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши йўлидаги муҳим қадамдир.

Дилшодбек ХОЛМАТОВ,

Наманган давлат университети проректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?