Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги академик ҳамкорликнинг янги саҳифаси: ТДИУ ва ТДҲБСДУ ўртасидаги қўшма таълим дастурининг илк битирувчиларига дипломлар топширилди

21:14 26 Июль 2025 Жамият
376 0

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги ўзаро дўстона ва стратегик ҳамкорлик алоқалари кенг кўламли йўналишларда, шу жумладан олий таълим соҳасида янги босқичга кўтарилмоқда. Иккала давлат раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон томонидан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва ўзаро ишонч, чуқур интеграциялашган, барқарор ҳамкорликнинг янги платформаси вужудга келишига замин яратмоқда.

Мазкур амалий саъй ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети ўртасида Тожикистонда илк бор қўшма таълим дастури ташкил этилганди. Бугунги кунда эса ушбу қўшма таълим дастурининг илк битирувчиларига тантанали равишда диплом топширилиши давлатларнинг академик ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очди.

Тожикистон Республикаси Хўжанд шаҳрида ўтказилган мазкур диплом топшириш маросимида ТДИУ ректори Тўлқин Тешабаев ҳамда ТДҲБСДУ ректори Муминзода Шероз Абдужаббор иштирок этиб, ушбу лойиҳанинг илмий, маданий ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Улар битирувчиларнинг икки олий таълим муассасаси базасида, замонавий ва рақамлаштирилган таълим муҳитида етук билим ва кўникмаларга эга бўлганини таъкидлади. Шунингдек, икки қардош халқ ўртасидаги илм-фан соҳасидаги узвий алоқалар келажакда янада мустаҳкамланишига ишонч билдирдилар.

Тадбир давомида битирувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, ўзларининг самимий миннатдорчиликларини билдириб, икки мамлакат ёшлари учун уникал халқаро имконият эканлигини билдиришди.

Мазкур қўшма таълим дастури нафақат минтақавий таълим маконининг интеграциялашувига хизмат қилмоқда, балки глобал билимлар майдонида замонавий, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашда ўзига хос моделга айланмоқда. Бу, ўз навбатида, нафақат икки университет, балки икки давлат олий таълим тизими тараққиётининг ёрқин ифодасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?