Ўзбекистон — Тожикистон: маданий-гуманитар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари

12:33 01 Июнь 2021 Сиёсат
623 0

Ўзбек ва тожик халқи асрлар давомида ўзаро аҳил-иноқ, бир дарёдан сув ичиб яшаб келади. Маълум вақт ушбу алоқаларда турғунлик, ўзаро муносабатларда танаффус кузатилгани ҳам айни ҳақиқат. Сўнгги беш йилдан бошлаб эса ўртадаги қардошлик ришталари қайта тикланди, чегаралар очилди, "музлар эриди". Ўтган қисқа даврда икки давлат ўртасидаги яқин дўстлик ва ишончга асосланган алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилди. Буни икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Мухбиримиз ушбу мавзу юзасидан Марказий Осиё ҳалқаро институти етакчи илмий ходими Улуғбек Халмуминов билан суҳбатлашди.

— Икки давлатнинг ўзаро маданий анъаналари ва тарихий манбалари ўртасида қандай умумийлик мавжуд деб ўйлайсиз?

— Даставвал таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи кутилмоқда.

Ўзбекистон делегациясининг Душанбе шаҳрига ташрифи доирасида тегишли вазирликлар ва идоралар вакиллари қаторида, ўзбек экспертлари гуруҳи томонидан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва сув энергетика соҳасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга ташрифи якунлари бўйича Тошкент ва Душанбе ўртасида иқтисодиёт, транспорт, энергетика, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, маданият, таълим каби қатор масалалар бўйича битимлар имзоланиши кўзда тутилган.

Аҳамиятли томони шундаки, икки томонлама алоқалар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий муносабатларда муҳим омил саналади.

Барчамизга маълумки, қадимдан ўзбек-тожик халқлари ягона тарихий даврни босиб ўтиб, асрлар мобайнида ўзининг умрбоқий моддий-маънавий қадриятлари ва анъаналари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Азал-азалдан халқларимиз бир дарёнинг икки ирмоғидан сув ичиб, қўшничилик анъаналарини яқин қариндошлик алоқалари билан боғлаган ҳолда ўхшаш маданият, урф-одатлар, ягона дин, ўлмас қадриятларга бой миллатлар сифатида тилга олинади. Шу боисдан бўлса керак, бизга икки тилда гаплашувчи ягона халқ дея таъриф беришади. Шу муносабат билан бугунги кунда икки давлат ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳидаги яқин муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, бу каби мустаҳкам алоқалар кеча ёки бугун вужудга келиб қолмади, балки минг йиллар давомида халқларимизнинг қон-қонига сингиб, уларнинг маънавий оламида ҳамда маданий ҳаёти давомида шаклланиб, сайқалланиб келмоқда. Келгусида қардош икки халқ ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик сингари анъаналарни, тарихий-маданий қадриятларни сақлаб қолиш йўлида мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, халқларимизни нафақат умумий тарихий яшаш муҳити, ўхшаш анъаналар, куй-қўшиқлар ва маросимлар, балки бутунжаҳон эътиборига молик маънавий мерос ҳам бирлаштириб туради. Ушбу халқлар ягона минтақада ҳаёт кечиргани боис икки миллат вакиллари ўртасида доимий мулоқот пайдо бўлиши табиий ҳол. Барчамизга маълумки, қадимдан аждодларимиз икки тилда шоҳ асарлар ва шеърий достонлар, ғазаллар ва қасидалар битиб, мадрасаю расадхоналар бунёд этгани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Шулар қаторида, ҳар икки давлат ёш авлоди вакиллари ҳам икки мамлакат ўртасида йўлга қўйилган мазкур маданий мулоқот намуналари билан ҳақли равишда фахрланади ва уларни асраб-авайлаб изчил давом эттиришга доим интилмоқда.

— Сизнингча замонавий Тожикистонда жаҳон маданиятининг қандай дурдоналари сақланмоқда?

— Тожикистон кўҳна ва қадимий маданият ўчоғи сифатида, мамлакатда ўзига хос санъат, шаҳарсозлик бобида юксак дид ва маҳорат, шунингдек, бетакрор меъморий обидалари билан бутун дунёга маълум ва машҳурдир. Тожикистон мустақилликнинг илк йилларидаёқ мураккаб иқтисодий ва сиёсий қийинчиликларга қарамай, ўз йўналишини, яъни, тарихий-маданий обидаларни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва дунёга намоён этишдек аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаб олди.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Тожикистонда 3000 дан зиёд қадимий ва маданий обидалар, 6 та давлат мажмуаси ва тарихий-маданий қўриқхоналар, турли тарихий-этнографик музейлар ва кўплаб археологик иншоотлар мавжуд.

Шуниси эътиборлики, айнан Тожикистон 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ЮНEСКО таркибига киритилган бўлса, бунинг самараси ўлароқ бутунжаҳон халқлари унинг кўҳна ва улуғвор ноёб ёдгорликлари ва ўтмиш дурдоналари тўғрисида хабардор бўлди. Саразм, Хисор, Кўлоб, Хўжанд, Хўжа Машҳад мадрасаси, Муҳаммад Башоро, Хўжа Нақшрон, Мир Саид Али Хамадоний, форс тилидаги қадимий битикларни, Муқаддас Қуръоннинг котиблари, қоя суратлари, Будда ҳайкаллари, Ямчун қалъаси, Зонга ибодатхонаси, Карон меъморчилик обидаси ва "Амударё хазинаси"нинг аниқланиши каби қатор ноёб манбаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатнинг иккита қадимий иншооти ЮНEСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган: маданий аҳамиятга эга бўлган қадимий Саразм шаҳри (милоддан аввалги IV-II асрлар) ва табиий аҳамиятга эга бўлган "Помир тоғлари" миллий боғи.

— Мамлакатларимизнинг тарихий-маданий меросини ўрганишда қандай қўшма лойиҳаларни амалга ошириш керак?

— Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида маданий масалалар бўйича минтақавий Ҳукуматлараро ташкилот тузиш тўғрисида музокаралар олиб борилаётган бўлиб, ушбу ташкилотнинг зиммасига турли маданий тадбирлар, жумладан, олимларнинг учрашувлари, мумтоз мусиқий кечалар ва спектакллар, адабий ва илмий нашрлар ҳамда бошқа турдаги ташаббусларни ташкиллаштириш, назорат қилиш вазифаси юклатилади.

Рудакий, Форобий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Навоий, Жомий сингари кўплаб буюк аждодларимизнинг илм-фан, меъморчилик, шеърият ва мусиқа соҳаларида яратган, жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган маданий бойликларни қайта тиклаш йўлида якдил ҳаракат қилмоғимиз даркор. Минг йиллар мобайнида, ота-боболаримиз томонидан яратилган илм-фан, шеърият, меъморчилик, тасвирий санъат, дунёшунослик, космология, астрономия ва қатор соҳалардаги жамланган маънавий мерослари орқали бутун жаҳон маданиятини бойитишга ҳисса қўшилди. Айнан маданий интеграция бизга маънавий, ақлий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қайта тикланишга ёрдам беради. 

Бинобарин, 2017 йили Ўзбекистонда Тожикистон ва Тожикистонда Ўзбекистон маданият кунлари кенг кўламда нишонланди. Икки қардош мамлакатнинг санъат дарғалари ўртасида «Дўстлик кечаси» номи остида мусиқий дастурлар намойиши бўлиб ўтди.

— Ўзбекистон ва Тожикистон маданий-гуманитар соҳанинг қайси йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиши мумкин?

— Шуни таъкидлашни истардимки, умумий маданият ва қадриятларга эга давлатлар сифатида, икки халқ ўртасида маданий алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Халқларимиз орасидаги кенг кўламли маданий-гуманитар алоқаларнинг равнақ топиши давлатлараро муносабатларни маҳкам тутиб турилишида маънавий пойдевор вазифасини ўтайди.

Ҳозирга қадар икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, биргаликда турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Айни пайтда ўзбек ва тожик тилларини ўрганиш ва ўргатиш, таълим, бадиий, даврий ва илмий адабиётларни ўзаро алмашиш, мумтоз ва замонавий ёзувчиларнинг асарларини таржима қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2020 йилнинг август ойида Фарғона вилоятининг Риштон туманида Ўзбек-тожик дўстлик уйининг очилиши ушбу соҳада эришилган муҳим ютуқлардан бири ҳисобланади. Яқин келажакда ушбу муассасада маданият кечалари, шеърий мутолаалар ва илмий давра суҳбатлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Қўшни мамлакат билан маданий меросни асраб авайлаш ва бу борада Ўзбекистоннинг бой тажрибасини кенг татбиқ этиш бўйича ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш лозим. Самарқанд ва Панжикент шаҳарлари ўртасида жойлашган тарихий обидаларни тадқиқ қилишда қўшма ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Самарқанддаги Афросиёб ёдгорлигини консервация ва реставрация қилишда Тожикистондаги Саразм ёдгорлигини қайта тиклаш масаласида ўзаро тажриба алмашиш зарур деб ўйлайман.

— Таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятлари қанчалик юқори деб ўйлайсиз?

— Бугунги кунда Тожикистон мактабларида ўзбек тилида таълим берувчи синфлар сони 5 мингга, ўзбек тилида таҳсил олувчилар сони эса 100 минг нафарга яқинлашди. Ўзбекистон Тожикистонинг Сўғд вилоятига 630 ўринли мактаб қуриб топширди. Академик Б. Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университетида ўзбек филологияси бўйича кадрлар тайёрловчи йирик мактаб ташкил этилган. Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга атаб қўйилган ёдгорлик иккала мамлакат томонидан  илиқ кутиб олинди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг халқ таълими тизимида тожик тилида таълим берувчи мактаблар сони қарийб 255 тани ташкил этса, шундан 90 тасида фақат тожик тилида таълим берилади.

Бир неча олий таълим даргоҳларида, жумладан, Самарқанд, Термиз, Фарғона давлат университетларида тожик тилида машғулотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг 5 та олий таълим муассасасида тожик тилида таълим берувчи мактаблар учун бакалавриатнинг «Филология ва тил ўрганиш: Тожик тили», «Тожик тили ва адабиёти» ҳамда «Бошланғич таълим (тожик тили)» йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади. 2019-2020 ўқув йилида «Филология ва тил ўрганиш: Тожик тили» йўналиши бўйича 110 нафар битирувчи таълимни якунлади.

Айни пайтда Тожикистонда ўзбек тилида фаолият олиб бораётган 10 дан ортиқ нашрлар мавжуд бўлиб, Душанбе шаҳрида ўзбеклар жамияти томонидан «Халқ сўз» газетаси чоп этилади. Хўжанд шаҳрида «Ўзбек миллий маънавият ва маърифат маркази» томонидан «Маънавият» газетаси ва «Шарқнома» журнали ўзбек тилида чоп этилади. Шунингдек, бир ҳафтада бир марта ОАВда жумладан, телевидение ва радиода ўзбек тилида дастур ва эшиттиришлар олиб борилади.

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?