Ўзбекистон ТИВ Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги зиддият юзасидан баёнот эълон қилди

11:29 25 Июль 2025 Сиёсат
190 0

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарада юз берган қуролли тўқнашув юзасидан баёнот эълон қилди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги юзага келган вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.

«Биз барча томонларни вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирамиз. Вазирлик ватандошларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади. Фуқароларимиздан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга сафар қилмасликни ва расмий хабарларни кузатиб боришни сўраймиз», — дейилади ТИВ баёнотида.

Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Таиланд ва Камбоджада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар мавжуд эмас. Таиланд пойтахти ва туризм марказларида вазият барқарор бўлиб, хорижий сайёҳлар учун хавф-хатарлар йўқ.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларда Бангкокдаги Бош консулхонанинг (+66-2) 675-3995 ёки (+66-2) 675-3996 рақамлари орқали мурожаат қилишлари эслатиб ўтилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?