Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форумида 170 дан ортиқ меморандум имзоланди — ССВ

22:31 04 Июнь 2023 Жамият
551 0

Фото: ССВ

Дунё сайқали — гўзал Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири М.Мурашко, шунингдек дипломатик корпус вакиллари, ҳар икки мамлакатнинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари ректор ва профессорлари, нуфузли тиббиёт клиникалари, илмий тадқиқот институтлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, йирик фармацевтика ва тиббиёт компаниялари раҳбарларидан иборат 500 нафар қатнашчи иштирок этди.

Ўзбекистон-Россия — стратегик шерик, яқин ҳамкор. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 8 май куни Россияга қилган амалий ташрифи чоғида Владимир Путин билан бир қанча соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш йўналишида ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш режалари ҳақида сўз юритилган эди. Россия Президенти Тошкент шаҳрида ўтган “Иннопром” халқаро саноат кўргазмасининг самарали натижаларини юқори баҳолаб, томонлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари даражасидаги фаол мулоқотларни қўллаб-қувватлаган эди.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар бугун юқори даражада. Тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлик қатор соҳаларда жадал ривожланмоқда. Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, муҳим ғоя ва ташаббусларни илгари суриш учун эса янги “майдон” зарур.

Ўзбекистон – Россия соғлиқни сақлаш халқаро форуми ана шундай муштарак мақсадлар йўлидаги муҳим тадбир, ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида тарихга муҳрланди. Унда мамлакатлараро тиббий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор муҳим масалалар муҳокама этилди.

Тадбирда икки мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлари сўзга чиқиб, анжуман иштирокчиларини қутлади.

Қайд этилганидек, коронавирус пандемияси даврида Россия Ўзбекистонга коронавирус диагностикаси учун тест-тизимларни беғараз асосда тақдим этган биринчи давлат бўлди. Шунингдек, коронавирусга қарши курашиш мақсадида Россия томонидан мамлакатимизга 4 та экспресс-диагностика кўчма микробиологик лабораториялар ҳам юборилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами сифатида Россияга миллионлаб дона шахсий ҳимоя воситалари етказиб берди. Россиялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатларимизнинг тиббиёт соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлиги доирасида тиббий таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, бугунги кунда юртимиздаги тиббиёт олий ўқув муассасаларида Россиянинг 24 та тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида 12 та бакалавриат, 10 та магистратура ва 11 та клиник ординатура йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Бугунги кунда Россия Федерациясининг тиббиёт олий таълим муассасаларида қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриат йўналишида жами 3200 нафарга яқин, магистратура йўналишида — 170 нафар, клиник ординатурада эса 250 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

Тошкент шахрида Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг ва Жиззах шаҳрида Қозон федерал университети филиаллари ташкил этилди.

Ўтган йили В.И.Кулаков номидаги Акушерлик ва гинекология, перинатология миллий илмий-тадқиқот маркази мутахассислари томонидан мамлакатимиз перинатал хизматининг 180 нафар шифокори учун ўқув семинарлари ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Д.Рогачев номидаги болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси миллий тиббиёт илмий марказида 24 нафар ва Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетида 65 нафар шифокорлар клиник ординатурада таҳсил олишмокда.

Санкт-Петербург врачлар малакасини ошириш институтида Ўзбекистон шифокорларини 28 та мутахассислик бўйича ординатура, аспирантура ва малака ошириш курсларида ўқитиш учун бюджет жойлари ажратилган.

Тиббиёт олий таълим муассасалари билан бир қаторда Россиянинг тиббиёт клиникалари ва ассоциациялари ва Ўзбекистоннинг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 150 та келишув ва шартномалар тузилган.

Шериклик алоқаларимиз фармацевтика тармоғида ҳам жадал ривожланмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг апрель ойида Тошкентда ўтказилган “Иннопром: Марказий Осиё-2022” халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Zuma Pharma" МЧЖ ва Россиянинг "Герофарм" корхонаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди.

Бундан ташқари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Россиянинг "Фармасинтез" компанияси ўртасида эрилишган келишувга кўра, Ўзбекистонда ўсмага қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона барпо этилмоқда.

Анжуманда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар, кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий анжуманлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш, нейрохирургия, педиатрия, хирургия, кардиология, онкология йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини модернизация қилиш ва инвестиция киритиш, тиббий таълимни трансформация қилиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, соҳани рақамлаштириш ва тизимга янги технологияларни жорий этиш каби масалаларга бағишланган секция йиғилишлари ўтказилди.

Форум доирасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда Россия тиббиёт таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, шерикликнинг янги шаклларини жорий этиш бўйича 172 та меморандум ва қатор келишувлар имзоланди. Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш бўйича резолюция қабул қилдилар.

Анжуманда Ўзбекистонда тиббий таълимни ривожлантириш, мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири М.Мурашко, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ректори Д.Иванов, Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ректори С.Лукьянов, Россия узлуксиз касбий таълим тиббиёт академияси ректори Д.Сичев ҳамда Россиянинг бошқа қатор тиббиёт олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарларига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

Шунингдек, бир гуруҳ россиялик мутахассисларга ташаккурномалар ва Ўзбекистон ОТМларининг фахрий профессори унвонлари берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?