Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"
Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Сенат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 105 моддаси ҳамда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунларнинг тегишли моддаларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайловини шу йилнинг май ойида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мажлис жараёнида мазкур қарор асосида Сенат Раиси бошчилигида Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳамда сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди.
Бундан ташқари, ҳудудларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузиш, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашиш, сайловни ўтказишда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, сайлов ўтказиладиган жойларда тиббий хизмат кўрсатилишини самарали ташкил этиш, санитария-гигиена талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, шунингдек, сайлов жараёнини кенг ёритиш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб олинди.
Шу куннинг ўзида Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг биринчи йиғилиши ҳам ташкиллаштирилди. Унда бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.
— Маҳалла жамият жипслашувида муҳим бўғин ҳисобланади, демак маҳалла раислари елкасида ўта масъулиятли вазифа турибди, — деди Республика комиссияси раиси Танзила Норбоева, — Бу йилги сайловларда 9 300 дан зиёд фуқаролар йиғинлари раислари сайланиши кутилмоқда. Бу галги сайловлар мамлакатимиз ривожланишининг бутунлай янги босқичида, жумладан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч омилига айлантириш Тараққиёт стратегиямизнинг устувор йўналиши этиб белгиланган тарихий паллада бўлиб ўтади.
Фуқароларнинг сайловда иштирок этишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш, сайлов иштирокчилари қонун талабларига, шу жумладан, ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи тамойилларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги энг муҳим вазифалар ҳисобланади.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг