Ўзбекистон Президенти иқлим соҳасидаги глобал кун тартиби доирасида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 1 декабрь куни Дубай шаҳрида ўтаётган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (COP28) асосий ялпи сессияси ишида иштирок этди.
Тадбирда дунёнинг 170 дан зиёд мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашмоқда.
Давлатимиз раҳбари нутқининг аввалида Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқини миллий байрами ҳамда тарихий саммитни муваффақиятли ташкил этгани билан самимий қутлаб, Амирликларнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги глобал ташаббусларини ҳамда “яшил” тараққиётга қўшаётган катта ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, ҳозирги даврда иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари замонамизнинг энг аянчли экологик инқирозларидан бири – Орол фожиаси туфайли Марказий Осиё ва унга ёндош минтақаларда айниқса жиддий сезилмоқда.
Мамлакатимиз етакчиси йиғилганларнинг эътиборини айрим фактларга қаратди.
Масалан, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп, сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолди.
Тупроқ емирилиши, мунтазам чанг ва қум бўронлари, ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифласланиши, биохилма-хиллик қисқариши, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ва кўплаб бошқа муаммолар минтақада истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг турмуши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Президентимиз “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини таъкидлади.
Сўнгги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки бараварга кўпайди. 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватлари барпо этилади. “Яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича илк амалий қадамлар ташланди.
Бундан ташқари, “Яшил макон” ташаббуси доирасида Ўзбекистонда 1 миллиард туп кўчат экилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида мустаҳкам ҳимоя қалқонини яратиш мақсадида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этилгани туфайли Оролбўйида ҳаво ифлосланиши камаймоқда.
Тадбир кун тартибидаги асосий масалаларга ўтар экан, Ўзбекистон етакчиси қатор таклифларни илгари сурди.
Жумладан, Президентимиз Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақирди.
Шу маънода, Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида ишлаб чиқилаётган Мослашув стратегияси қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари кеча “Йўқотиш ва зарарлар” глобал жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни юксак баҳолади.
Ушбу механизмлар Жаҳон банки ва халқаро молия институтлари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, энг аввало, иқлим ўзгаришидан катта азият чекаётган мамлакатларга салмоқли ёрдам беради.
Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлиги, бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши жуда муҳимлиги қайд этилди.
Бу долзарб муаммони мунтазам равишда, шу жумладан “Катта еттилик” ва “Катта йигирмалик” форматлари кун тартибларида кўриб чиқиб бориш таклиф қилинди
Оролбўйи ҳудудини Инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантириш учун давлатимиз раҳбари бу ерда илғор билим, тажриба ва ечимларни қўллаш мақсадида Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда барчани яқин ҳамкорликка таклиф этди.
Бундан ташқари, Президентимиз Тошкентдаги “Яшил университет” негизида ташкил этилаётган Иқлим илмий форуми доирасида яқин илмий алмашинувни йўлга қўйиш ва қўшма тадқиқотлар ўтказишга чақирди.
Ер деградациясининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ва бошқа ўткир масалалар форумнинг кун тартибидан жой олади.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан 2024 йили Ўзбекистонда “Иқлим миграцияси” мавзусида конференцияни ўтказиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Яшил бандлик” дастурини ишлаб чиқиш, Иқлим ўзгаришининг бандликка таъсирини моделлаштириш марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Иқлим муаммоларини самарали ечишга ёшларни фаол жалб қилиш учун мамлакатимиз БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг Ёшлар форумини ташкил этишга тайёр экани қайд этилди.
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқдилигини тасдиқлаб, давлатимиз раҳбари келгуси йили Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ёндашувлари ўз ифодасини топган БМТ Бош Ассамблеясининг алоҳида резолюциясини қабул қилишни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев Дубайдаги саммит натижалари сайёрамизнинг янада барқарор, фаровон ва хавфсиз келажагини таъминлаш йўлида барча мамлакатлар ва халқларни яқинлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Исроил ва Эрон низоси янги босқичга чиқди
- Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
- Президент янги қарор имзолади
- Президентнинг янги қарори эълон қилинди
- Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси тайинланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг