Ўзбекистон ОТМлари учун «Академик устуворлик» лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

16:31 06 Апрель 2022 Жамият
2851 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 4 апрель куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида олий таълим консалтинг компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда E2 Consulting & Media компанияси директори Егор Яблоков, Minerva лойиҳаси стратегик ҳамкорликлар бўйича директори Майкл Каруаналар иштирок этишди.

Учрашув аввалида E2 Consulting & Media компанияси директори Егор Яблоков томонидан Ўзбекистон ОТМлари учун «Академик устуворлик» лойиҳасини татбиқ этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, у лойиҳани амалга ошириш режаси ва истиқболдаги режаларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Сўнгги йилларда ҳамкорликда амалга оширилган ишларимиз натижасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари қатор йўналишлар бўйича сезиларли даражада ўсишга эришди.

Мазкур жараёнларни янада жадаллаштириш учун эса олдимизда яна қатор вазифалар турибди. Хусусан, мамлакатингиз олий таълим тизимини янада такомиллаштириш ҳамда етакчи университетларни ривожлантириш учун давлат дастурини ишга тушириш ва қўллаб-қувватлаш зарур.

Бу жараёнда эса мазкур ОТМларнинг ривожланиш ва битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш ҳамда олий таълим муассасаларининг миллий иқтисодиёт, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ва халқаро меҳнат тақсимотидаги иштирокини баҳолашнинг текшириладиган тизимини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Бунда албатта амалга ошириладиган дастур архитектурасини мукаммал ишлаб чиқиш учун кучларни ўзаро бирлаштиришимиз лозим», – деди Егор Яблоков.

Ўз навбатида Таълим инспекцияси бошлиғи E2 Consulting & Media компанияси директорининг мулоҳазаларини маъқуллаб, жараён бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга мамлакатимиздаги камида 10 та олийгоҳнинг нуфузли халқаро рейтингларга киришини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Ўтган йиллар мобайнида Сизлар билан Ўзбекистон ОТМлари миллий рейтинг тизимини йўлга қўйишда ҳамкорлик қилиб, бир қатор ижобий натижаларга эришдик.

Бироқ ушбу натижалар мамлакатимиз ОТМларининг халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашлари учун етарли эмас. Бу жараёнларни янада такомиллаштириш учун олий таълим муассасаларидаги мавжуд маълумот базаларини нуфузли агентликлар ва марказлардаги тизимлар билан ўзаро интеграция қилишимиз лозим.

Шунингдек, бу жараёнларда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг изчил давом эттирилиши жуда муҳим», – деди Улуғбек Ташкенбаев.

Учрашув якунида томонлар кўтарилган масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.

Маълумот учун, ОТМлар учун «Академик устуворлик» лойиҳаси 1995 йилдан шу кунга қадар Дания, Финляндия, Хитой, Жанубий Корея, Испания, Франция каби илғор мамлакатларида амалга оширилган бўлиб, ушбу лойиҳа орқали қуйидаги мақсадларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Олий таълим муассасаларининг жадал ривожланишини таъминлаш ва уларнинг миллий иқтисодиётга қўшаётган ҳиссасини максимал даражада ошириш, шунингдек, инновацион ривожланиш моделига ўтишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

университетларнинг янги моделларини (тадқиқот университети, тадбиркорлик университети ва бошқалар), шу жумладан университетларнинг молиявий-иқтисодий моделларини, илғор жаҳон тажрибасидан фойдаланишга асосланган бошқарув моделларини яратиш;

университетларни ривожлантириш ва ихтисослаштириш йўналишларини мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадларига мувофиқ йўналишлар бўйича такомиллаштириш;

олий таълим муассасаларининг халқаро илмий ва таълим маконига интеграциялашувини рағбатлантириш;

таълим ва тадқиқотлар нуфузини миллий ва халқаро миқёсда ошириш;

олий таълим муассасаларига иқтидорли ёшларни жалб этишнинг самарали тизимини яратиш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер