«Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» хулосалари ва тавсиялари тақдим этилди

15:47 27 Март 2024 Жамият
1052 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Бугун Жаҳон Банки, Олий Мажлис Сенати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт вазирлиги (FCDO) ҳамкорликда «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатни баҳолаш» ҳисоботининг асосий хулосалари ва тавсияларини тақдим этди.

Тадбир 2024 йил 27 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати мутасаддилари, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Иштирокчилар мамлакатда аёл ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилдилар.

Тадбир «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлигида олиб борилди. Унда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси етакчи иқтисодчиси Девид Найт ва Буюк Британия FCDO Марказий Осиё бўйича ҳудудий ривожлантириш директори Сара Купер иштирок этдилар.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирларни алоҳида таъкидладилар.

Ютуқлар қаторида мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришган натижалар ҳам қайд этилган. Жумладан, тенг қийматдаги иш учун аёлларга эркаклар билан тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи низомлар қабул қилинди. Айри м соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида ушбу низомларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди

Бундан ташқари, аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Мамлакатнинг юқорида таъкидланган соҳалардаги муваффақиятлари Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» йиллик ҳисоботида қайд этилган. Ҳисоботда 190 мамлакатдаги гендер тенглиги билан боғлиқ вазият баҳоланади. Ўзбекистон бошқа 18 та давлат қаторида юқорида қайд этилган аёллар ҳуқуқларини кенгайтирувчи ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида мамлакат 2022 йил октабр ойидан буён гендер тенглиги бўйича қонунчиликни такомиллаштиришда энг юқори натижаларга эришган бешта давлатдан бирига айланди.

Тадбир давомида Жаҳон банки экспертлари томонидан тайёрланган «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» янги ҳисоботининг асосий хулоса ва тавсиялари тақдим этилди. Ушбу тадқиқот тез орада Банк веб-сайтида эълон қилинади. Ҳисобот Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмаги билан тайёрланган.

Бундай тадқиқотлар Жаҳон банки томонидан маълум бир мамлакатда гендер тенглиги ҳолатини баҳолаш учун ишлатиладиган ўзига хос диагностика воситаси бўлиб хизмат қилади. Улар маълумотларни таҳлил қилади ва гендер тенглиги муаммолари билан боғлиқ асосий муаммолар ва имкониятларни аниқлайди.

«Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» ҳисоботида гендер тенглигининг асосий йўналишлари, жумладан, аёлларнинг иқтисодий фаолият ва имкониятлар, таълим тизими ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилган. Шунингдек, унда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажрашиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки билан боғлиқ вазият ўрганилади. Бундан ташқари, ҳисоботда Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурга таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатларига оид ижтимоий меъёрлар ва кутилмалар таҳлил қилинади.

Хусусан, мамлакатдаги гендер ҳолатининг баҳосида, агар аёллар мамлакат иқтисодий ҳаётида эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади тахминан 29 фоизга ошиши мумкинлиги қайд этилган. Ушбу фойдаланилмаган иқтисодий салоҳият 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин.

Жаҳон банки экспертлари мамлакатда гендер тенглигига эришиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этишди. Бироқ, тегишли чора-тадбирларнинг самарали ижроси ҳозирча етарлича таъминланмаган.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги турли соҳаларда, жумладан, меҳнат бозорига кириш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурлар ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида намоён бўлмоқда. Ушбу муаммоларга ечим топиш давлат ва жамият иштирокида комплекс ва мувофиқлаштирилган ёндашувни, жумладан, қонунчиликни янада такомиллаштириш, тегишли давлат ва жамоат институтларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Тадбир сўнгида иштирокчилар Ўзбекистонда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражасини қисқартириш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги вазифаларни муҳокама қилдилар. Турли соҳа вакиллари, жумладан, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ТEАМ университети вакиллари бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашишди. Иштирокчилар юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этишда давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги масалаларига тўхталишди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер