Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш учун Жанубий Кореядан 5 млн доллар қабул қилди

15:16 13 Октябр 2021 Жамият
1155 0

Жанубий Корея Ўзбекистонда 2021 йилга мўлжалланган COVID-19 га қарши комплекс дастурини амалга ошириш учун 5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда “Gazeta.uz” хабар берди.

Хабарга кўра, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан амалга ошириладиган дастурнинг ишга тушириш тадбири 12 октябрь куни бўлиб ўтди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов, санитария-эпидемиология фаровонлиги ва соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев, Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шадманов, Корея ташқи ишлар вазирининг кўп томонлама алоқалар ва глобал масалалар бўйича ўринбосари Хам Санг Ук ва бошқалар иштирок этди.

Дастур доирасида томонлар Санитария-эпидемиология фаровонлиги ва соғлиқни сақлаш хизмати билан юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда назорат қилиш бўйича KOICA дастурини амалга ошириш учун 1,6 миллион доллар, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси билан ўзаро меморандумлар имзолади. Юқумли касалликларни тадқиқ этиш салоҳиятини ошириш дастурини амалга ошириш учун 300 минг доллар ажратилди.

Қайд этилишича, 2021 йилги дастурларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича бошқарув салоҳиятини кучайтириш, юқумли касалликлар диагностикаси лабораториялари сифатини назорат қилиш тизимини яратиш, юқумли касалликлар ва эмлашлар мониторингининг миллий тизимини яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, тадбир давомида KOICA Соғлиқни сақлаш вазирлигига умумий қиймати 2,32 миллион доллар бўлган 87 та кислород генераторини 35 туманлараро шошилинч тиббий ёрдам марказларини жиҳозлаш учун совға қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?