Ўзбекистон кластерлари халқаро ишлаб чиқариш занжирига уланмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Бугун “Cotton Campaign” халқаро коалицияси координатори Ралука Думитреску ҳамда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси Муртазо Раҳматов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир “Cotton Campaign«нинг Ўзбекистондан калава ип, тикув-трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича асосий дастури доирасида ташкил этилди. Унда юртимизда фаолият кўрсатаётган пахта-тўқимачилик кластерларини халқаро брендлар ҳамда Европадаги йирик тўқимачилик компанияларининг ишлаб чиқариш занжирига улаш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бунинг самараси ўлароқ, қишлоқ хўжалигига бозор тамойилларини татбиқ этиш, соҳада муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ғояси асосида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг кластер усули жорий этилгач, пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга буткул барҳам берилди. Бу эса “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан тан олиниб, ўзбек пахтасига эълон қилинган глобал бойкот бекор қилинди.
Меҳмон ўзбек пахтасига қўйилган тақиқ ечилгач, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик саноатининг ташқи бозордаги жозибадорлиги ортганини эътироф этди. “C&A”, “Gap Inc.», “H&M”, “Levi Strauss & Co.», “Tesco”, “Walmart”, “Nike”, “Zara” каби дунё тўқимачилик бозорида етакчи бўлган йирик брендлар ва ритейлерлар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш учун амалий ҳаракатларни бошлаб юборгани шундан далолат беради.
— Яқинда биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқаётган 100 дан ортиқ халқаро бренд ва компаниялар билан учрашув ўтказдик, — дейди “Cotton Campaign” халқаро коалицияси координатори Ралука Думитреску. — Уларни шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси, юртингизда ишлаб чиқарилган ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, калава ип олди-сотдисини йўлга қўйиш ниятида бўлса, иккинчиси тайёр маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ёки уларни шу ерда ишлаб чиқаришдан манфаатдордир. Бу борада улар якуний қарор қабул қилишларида бизнинг тавсияларимиз муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тизимида 134 та кластер фаолият кўрсатаётган бўлиб, ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш биринчи ўринга қўйилган. Пахта етиштириш ва ҳосилни йиғиштириб олишда қўл меҳнатини камайтириш, механизациялаштириш даражасини ошириш устида изланмоқда. Машина-трактор парклари замонавий техникалар билан тўлдирилмоқда. Мақсад битта, у ҳам бўлса, ўтмишдаги хатоларни такрорламасдан пахтачиликни энг сердаромад тармоқлардан бирига айлантиришдир.
— Айни пайтда мавжуд пахта-тўқимачилик кластерларининг қарийб тенг ярми қайта ишлаш қувватларига эга, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Яқин йиллар ичида қолган кластерларда ҳам тўлиқ саноат занжири яратилади. Бу халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг буюртмаларини олиш учун салоҳиятга эга эканлигимиздан далолатдир.
Тадбирда пахтачилик тармоғида шаффофликни ошириш, ахборот олиш имкониятларини кенгайтиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. “Cotton Campaign” халқаро коалицияси вакили бугунги учрашувдан мамнунлигини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг