Ўзбекистон 2020 йилда инқирозни четлаб ўтган дунёдаги саноқли мамлакатлардан бири — “Le Figaro”

11:42 08 Январь 2021 Сиёсат
1000 0

2021 йилнинг 6 январь куни Франциянинг етакчи нашри бўлган “Le Figaro” газетасида “2020 йилда инқирозни четлаб ўтган давлатлар" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Париждаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, унда Ўзбекистон Республикаси 2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқирозни четлаб ўтган дунёдаги саноқли мамлакатлардан бири сифатида қайд этилган.

Мақолада таъкидланишича, Жаҳон банки сайёрамиз бўйича ялпи ички маҳсулот 4 фоиз камайганлигини маълум қилган. Ўтган йили бутун дунё миқёсида юз берган инқироз иккита Жаҳон уруши давридан буён кузатилмаган. Европадан Америкагача, Африкадан Осиёгача бирорта қитъа бу тарихий шокдан қочиб қутула олмади. “Le Figaro” маълумотига кўра, фақат бир неча мамлакатгина синовларга бой бўлган 2020 йилда иқтисодий ўсишга эришиб, бундай "дунё миқёсидаги бўҳрон"га дош бера олди.

Журналист Армел Бохинёст Марказий Осиёнинг учта давлати, жумладан, Ўзбекистон 2020 йилда иқтисодиётда ижобий фаолликни намойиш қилганлигини қайд этади.

Халқаро валюта жамғармаси эътирофига кўра, «Ўзбекистон раҳбарияти тезкор чоралар кўра олди, хусусан, ижтимоий эҳтиёжлар ва соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағларни оширди, кичик ва ўрта бизнес корхоналари COVID-19га қарши тура олишлари учун катта ёрдам кўрсатилди».

Бой табиий ресурсларга (табиий газ, металл, ўғитлар, пахта) ва юксак туристик салоҳиятга эга Ўзбекистон раҳбари кейинги йилларда мамлакатни 2016 йилгача бўлган «қатъий бошқарув» моделидан олиб чиқишга қаратилган улкан иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмоқда, — дейилади мақолада.

“Le Figaro«да хабар берилишича, Жаҳон банки Хитой, Туркия, Вьетнам ва бошқалардан иборат жами 22 та мамлакатни 2020 йилда инқирозни четлаб ўтган давлатлар қаторига киритган.

“Le Figaro” — Франциянинг етакчи нашри бўлиб, у 1826 йилда таъсис этилган. Рақамли ахборотлар соҳасида муҳим иштирокчи ҳисобланади. Янгиликлар тарқатувчи сайтлар орасида етакчи мавқеда бўлиб, унинг ахборотларидан ҳар ой 23,5 миллионга яқин одамлар фойдаланади. Газета адади 329 минг нусхани ташкил этади.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?