Ўзбек ва беларусь киноижодкорлари томонидан «Осиё арслони» фильмининг суратга олиш ишлари бошланди

17:50 11 Май 2022 Маданият
2077 0

Фото: Ўзбекистон Кинематография агентлиги

Фарғонада Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Беларусьфильм» киностудияси ҳамкорлигида ўзининг жасорати ва ватанпарварлиги билан машҳур бўлган Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳаётига бағишланган фильмнинг суратга олиш ишлари бошланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган анъанавий «ликопча синдириш» маросимига «Беларусьфильм» киностудияси бош директори Владимир Карачевский, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, суратга олиш гуруҳлари аъзолари ва киноижодкорлар жамоаси иштирок этди.

— Ҳозирги кунда дунё билан кино тилида гаплашиш, қадриятлар, катта ва дўстона оиламиз ҳақида, қариндош-уруғ ва дўстларга ҳурмат ва эҳтиром, чинакам садоқат ҳақида гапириш жуда муҳим. «Осиё арслони» фильми қаҳрамони Мамадали Топволдиев нафақат ўзбек, балки беларусь халқининг ҳам қаҳрамони ҳисобланади. Ушбу фильм дўстлик, ҳаёт учун кураш, ўзгаларни ҳаётини сақлаш ва фидойилик ҳақида ҳикоя қилади», — деди «Беларусьфильм» бош директори Владимир Карачевский.

Ўзбек ва Беларус кинематографи томонидан тенг улушларда молиялаштирилаётган фильм Фарғона вилоятида туғилган, урушда партизан разведкачиси сифатида иштирок этган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Мамадали Топволдиев (Беларусь партизанлари уни «Казбек» деб аташган) ҳақида ҳикоя қилади. Фильмга «Мен террорчи эмасман» фильми билан танилган Муҳаммадали Искандаров режиссёрлик қилмоқда.

— Бугун Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Беларусьфильм» кинокомпанияси ҳамкорлигидаги «Осиё арслони» (таҳр. – аввалги номи «Казбек») фильмининг суратга олиш ишлари бошланди, — дейди Фирдавс Абдухолиқов. — Давлатимиз раҳбари киноижодкорлар олдига халқ қаҳрамонлари образларини кинода абадийлаштириш вазифасини қўймоқда. Мамадали Топволдиев эса халқимизнинг ҳақиқий миллий қаҳрамони. Ўзингиз хулоса қилинг: М. Топволдиев асирга тушиб, қочиб кетади ва партизанлар сафига қабул қилинади. У кўприклар ва йўлларни миналайди, душманнинг 19 та эшелонини рельсдан чиқариб юборади, фашистлар Германиясига ақлга сиғмайдиган зарар етказади ва уларни даҳшатга солади. Қўл жангида у 76 фашистни йўқ қилади, битта немис генералини ва ғалаба учун қимматли маълумотларни тақдим этган жуда кўп офицерларни асирга олади. Нацистлар Казбекнинг боши учун 50 минг рейхсмарка ваъда қилишади! Унинг номи билан боғлиқ бир нечта ҳикоялар мавжуд. Ҳар бир операциядан кейин у дарахтга ханжар билан Казбек номини ўйиб ёзиб қолдирарди, шу тарзда у ўз изини қолдирган ва немисларни қўрқувда ушлаб турган. Мамадали Топволдиевнинг хизматдошлари уни Кавказдаги улуғвор тоғга қиёслаб, «Казбек» деб аташган, немислар эса «Осиё арслони» номини беришган. 1944 йилда Сталин унга «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвонини берган. 

«Ўзбекфильм» киноконсерни директори Баҳодир Одиловнинг маълумот беришича, бош ролга Улуғбек Қодировнинг танланиши бежиз эмас.

— Биз актёрни АҚШдалигида таклиф қилган эдик. У роль устида синчковлик билан ишлашда давом этмоқда ва ҳатто 25 килограмм ташлашга муваффақ бўлди. Ўзбекистон ёшлари уни яхши кўради ва у қаҳрамон образини муносиб гавдалантира олади, деб умид қиламиз. Фильм лойиҳасини молиялаштириш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилди. Кинематография агентлиги ва «Беларусьфильм» харажатларни тенг улушда қоплайди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам муносиб ҳиссаси билан лойиҳани қўллаб-қувватлайди деган умиддамиз, — дейди Б. Одилов.

«Узбечка» ва «Осиё арслони» лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар ўтган йилнинг кузида Минскда ўтказилган «Листопад» кинофестивалида тузилган эди, таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур кинофестивалда Ўзбекистоннинг «Илҳақ» фильми бош совринни қўлга киритган эди.

Фильм реалистик жанговар саҳналар, кинохроникалар ва чуқур эмоционаллик билан томошабинларни хурсанд қилишни ваъда қилади.

Тасвирга олиш муҳити менга жуда маъқул келди. Уй эса ўша муҳитни эслатаяпти. Ўзимни шу даврдагидек хис қилаяпман. Либослар, унинг ранги тақинчоқларгача алоҳида аҳамият қаратишган. Рости самимий водий халқи, уларнинг ширин сўзлари менга илҳом бағишламоқда. Мен тарихи фильмда тасвирга тушаётганимдан хурсандман, — дейди актриса Шоҳида Исмоилова.

— Тарихий фильмда образни жонлантиришнинг ўз юки бор. Ролга киришдан аввал рости шу юкни ҳис қилдим. Уруш ва унинг кечинмалари асарда ёритиляпти. Фильмдаги воқеликларни ҳаммасини ошкор қила олмайман. Томошабин кутсин, яна бир тарихий асар яратиляпти. Асар яратилганда ҳам чинакам қаҳрамон ҳаёти, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов.

— Қисқа сўзламоқчиман. Фильмда Мамадали Топволдиевнинг отаси образини яратяпман. Энг оғир саҳна бу мен учун фарзандини урушга жўнатаётган ота. Бошига дўппи кийдириб миллатни, мамлакатни, оилани унутма деган рамзи бор, — дейди Ўзбекистон хизмат кўрсатган артисти Карим Мирходиев..

— Топволдиев ролини ижро этяпман. Мамлакатимизнинг чинакам қаҳрамони. Образни ҳис қила бошладим. Қизиқ бир гапни айтмоқчиман. Шу образ учун 25 килограммдан кўпроқ вазн ташлашимга тўғри келди. Озишга рози бўлганим ва озганим бу образни яратишни истаганимни билдиради. Бу ҳақда кўп гапирмайман фильм ҳақиқий тарихий асар бўлади, — дейди бош роль ижрочиси, актёр Улуғбек Қодиров.

— Авваллари тарихий клип суратга олганман. Тарихий фильмга биринчи маротаба қўл уришим. Фильм яратишга руҳан ўзимни тайёрлаб мана бугун биринчи тасвирга олиш ишларини бошладик. Фильмга ўзбек ва беларуслик ижодкорлар ҳамкорликда муаллифлик қилишмоқда. Асарда ҳақиқий ўзбек ўғлони ҳаёти ёритилади. Асрий анъаналарини асрашга бел боғлаган ўғлон. Икки мамлакат ижодкорлари бир мақсадда Мамадали ота ҳаётини ёритишга киришдик, — дейди режиссёр Муҳаммадали Искандаров.

Филь суратга олиш жараёни бошланиши муносабти билан Фарғона водийсининг Зоҳидон шаҳрида Мамадали Топволдиев номидаги музей очилди. Музейнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам иштирок этди.

Қуйида фильмнинг суратга олиш майдонидан тайёрланган бекстейжни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. https://youtu.be/KuPrBngMz2E

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер