Озарбайжон Миллий Мажлиси ўз делегациясининг Москвага ташрифини бекор қилди

18:34 29 Июнь 2025 Дунё
248 0

Озарбайжон Миллий Мажлиси раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги парламент делегацияси Озарбайжон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг Москвада ўтказилиши режалаштирилган 23-мажлисида иштирок этмайди. Бу ҳақда Миллий Мажлиснинг матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлимига таяниб, «Report.az» хабар берди.

Маълум қилинишича, бу қарор Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг Екатеринбургда озарбайжонликларга қарши рейдларига жавобан қабул қилган.

«Делегациянинг ташрифидан воз кечилишига сабаб — Екатеринбург шаҳрида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан озарбайжонликларга қарши суд ва терговсиз амалга оширилган намойишкорона, қасддан қилинган этник асосдаги қотилликлар ва зўравонликлар, шунингдек, сўнгги пайтларда бундай ҳолатларнинг мунтазам тус олаётгани бўлди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Россия хавфсизлик кучлари томонидан Озарбайжон диаспораси вакиллари яшайдиган хонадонларда ўтказилган рейдлар чоғида икки киши шафқатсизлик билан ўлдирилган, яна бир неча киши оғир тан жароҳати олган, тўққиз нафар фуқаро эса ҳибсга олинган.

Озарбайжон ТИВ юқоридаги ҳолат юзасидан Россия томонига қатъий норозилик билдирди. Хусусан, Россиянинг Бокудаги вақтинчалик расмий вакили Пётр Волокових Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, расмий Москвадан тушунтириш ва айбдорларни зудлик билан жазога тортиш сўралди.

«Биз Россиядан ушбу иш бўйича шошилинч тергов ўтказишини ва қисқа вақт ичида ва зўравонлик содир этган барча шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортишини кутмоқдамиз», дейилади расмий Боку баёнотида.

Шунингдек, Россия ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчукнинг июнь охирига режалаштирилган Озарбайжонга ташрифи Боку томонидан бекор қилингани маълум бўлди. Манбаларга кўра, юзага келган вазият фонида Озарбайжон томони Оверчук ёки бошқа Россия расмийларининг ташрифини ўринли деб ҳисобламайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?