Осётр балиқлари Хоразмда

11:00 02 Апрель 2025 Жамият
70 0

Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Балиқнинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Унинг маҳсулотлари юқори биологик қийматга эга бўлиб, парҳез хусусияти эга бўлганлиги учун инсонлар ҳаётида яхши озуқа ҳисобланади. Бу неъмат аминокислоталар ва «Д» витаминига ўта бой, уни етарли даражада истеъмол қилиш моддалар алмашинувини меъёрида сақлаб туради. Айниқса, балиқ маҳсулотлари ёш болалар ақлий ривожланиши учун, шунингдек, касалликларнинг олдини олишдаги аҳамияти катта.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида аҳоли жон бошига бир йилда истеъмол қилинадиган балиқ гўшти ўртача 25-45 килограмм бўлиб, жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич 22 килограммни ташкил этади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, ҳар бир инсон бир йилда ўртача 12-16 килограмм балиқ гўшти истеъмол қилиши лозим. Ўтган йилда Хоразм вилоятида 32,9 минг тонна балиқ етиштирилди. Бу мамлакатимизда етиштирилган жами балиқларнинг 17,2 фоизини ташкил қилади. Аҳамиятлиси, кейинги етти йилда вилоятда балиқ етиштириш ҳажми 3,2 баробарга ошди. Йилдан йилга балиқчиликка қизиқаётган тадбиркорлар сони ортиб бормоқда.

— Вилоятимизда мингга яқин балиқ етиштирувчи фермер хўжаликлари бор. Улар ихтиёрида 12 минг 239 гектар сунъий сув ҳавзалари мавжуд, — дейди «Хоразмбалиқсаноат» уюшмаси раҳбари Дилмурод Оллаберганов. — Шунингдек, 5 минг гектардан зиёд табиий кўлларда ҳам балиқ боқилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги «Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қўшкўпирлик Баҳром Атабоев суперинтенсив усулда балиқ етиштиришнинг ҳадисини олган фермерлардан. Фермер хўжалигининг сув ҳавзалари 100 гектарни ташкил қилади. Аҳамиятлиси, фермер хўжалигида балиқнинг ноёб осётр турини етиштирилади.

— Осётр балиқлари мушакларни тиклаш ва иммунитетни сақлаш учун муҳимдир, —дейди «Уммон балиқ» фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Атабоев. — Балиқнинг бу тури яллиғланишга қарши ва кардио ҳимоя хусусиятлари билан танилган Омега-3 ёғ кислоталарига бой. Омега-3 «ёмон» холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам беради. Шу билан юрак ва қон томирларини атеросклероз ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилади. Осётр балиғини совуқ ҳарорат ва совуқ сувда парваришлаш талаб қилинади. Балиқни парваришлашда сувга меъёрида кислород юбориш, озуқасини ўз вақтида меъёрида бериш керак. Хўжалигимизда бу жараён ишчи кучи талаб қилмасдан, замонавий технология ёрдамида амалга оширилмоқда. Суперинтенсив усулда ҳар гектар ҳавзадан 100 тонна балиқ оляпмиз. Йилига 50 тонна осётр балиғини етиштириш, 1 тонна қора икра олишни режалаштирганмиз. Шу мақсадда Россиядан мутахассисларни ишга таклиф қилиб, ҳамкорликда ишлаяпмиз. Келгусида хориждан олиб келинадиган бу турдаги маҳсулотни маҳаллийлаштирилиб, ҳамёнбоп нархларда ички бозорга чиқариш ва экспортга йўналтиришни мўлжаллаяпмиз. Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари доирасида хонадонларда кичик сунъий сиғимларда балиқ етиштириш тажрибаси кенг оммалашмоқда. Жорий йилда 1000 та хонадонда интенсив усулда 750 тонна балиқ етиштириш режалаштирилган.

— Қишда балиқлар ухлайди, — дейди Қўшкўпир туманидаги Довул маҳалласи «Халқ сўзи» кўчасида яшовчи Рахимбой Собуров. — Ҳарорат илиши билан балиқлар озиқланишда давом этади. Балиқ етиштиришда вақтдан ютиш мақсадида сунъий сиғимларни ҳовлимиздаги иссиқхона ичига жойлаштирдик. Иссиқхонада ўртача ҳарорат сақланиши сабабли балиқлар доимий ҳаракатда бўлади. Бир йил давомида етиштириладиган маҳсулот салмоғи икки марта ортади.

Интенсив усулнинг муҳим йўналишларидан бири қафас усулида балиқ етиштириш бўлиб, бунда турли ўлчамдаги қафаслар сув ҳавзаларига ўрнатилади. Масалан, «Bakra akva tech» МЧЖ да 34 та океаник қафас мосламаларида балиқ етиштириш йўлга қўйилиб, яхши натижага эришилмоқда. Мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар элимиз дастурхонининг балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан тўкин бўлишига, бозорларда унинг нархи пасайиши ва аҳоли ўртасида ушбу парҳез маҳсулот истеъмолининг ўртача кўрсаткичлари изчил ўсиб боришига хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?