Ўсмир қизлар ўғил болаларга нисбатан кўпроқ тушкунликка тушиши ҳақиқатми?

14:22 27 Март 2025 Илм-фан
226 0

Ёш қизлар ўғил болаларга нисбатан депрессияга кўпроқ мойил бўлиши сабабини аниқлашга ёрдам бериши мумкин бўлган янги тадқиқот натижалари эълон қилинди. Бунга кўра, инсон организмидаги «кинуренин йўли» деб номланган метаболик жараён орқали пайдо бўладиган кимёвий моддалар мияга турлича таъсир қилади. Қизиқарлиси, ушбу жараён ёш қизлар организмида оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Тадқиқот Британиядаги King’s College London университети қошидаги «NIHR Maudsley» Био-медицин маркази кўмагида олиб борилди ва «Biological Psychiatry» журналида чоп этилди. Тадқиқотга кўра, триптофан аминокислотаси «кинуренин йўли» орқали ё мия ҳужайраларини муҳофаза қилувчи, ёки уларга зарар етказувчи моддаларга айланади. Мия учун фойдали кимёвий моддалар қаторига кираётган кинуран кислотаси ҳимоячи ҳисобланса, квинолин кислотаси аксинча, зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Тадқиқот давомида Бразилиядан 150 нафар 14–16 ёшли ўсмирнинг қонидаги кинуран ва квинолин кислоталари даражаси таҳлил қилинди. Улар депрессия хавфи паст, депрессия хавфи юқори ва депрессия ташхиси қўйилган 3 гуруҳга ажратилди. Ҳар бир гуруҳда 50 нафар ўсмир бўлиб, жинс бўйича тенг тақсимланган. Натижаларга кўра, қизларда мияни ҳимоя қилувчи кинуран кислотаси даражаси пасайган бўлиб, бу уларда депрессия хавфини ошираётганини кўрсатди.

Шунингдек, тадқиқот иштирокчилари қонида яллиғланиш белгиси сифатида маълум бўлган оқсиллар ҳам аниқланди. Ушбу яллиғланиш ҳолати организмда инфекция, стресс ёки касаллик пайтида юзага келади. Олимлар ушбу яллиғланиш белгилари юқори бўлган ўсмирларда кинуран йўли зарарли кимёвий моддаларга айланишини аниқлашди. Бу жараён асосан депрессия хавфи юқори бўлган ва депрессия ташхиси қўйилган ўсмирларда кузатилди.

Учинчи йиллик кузатув натижаларига кўра, депрессияси узоқ давом этган қизларда нейротоксик моддалар миқдори юқори бўлиб қолган. Бу эса кинуран йўлининг мувозанатсизлиги депрессиядан тузалишни қийинлаштириши мумкинлигини англатади. King’s IoPPN институтининг илмий ходими доктор Нагме Никхеслатнинг таъкидлашича, кинуран йўлидаги моддаларни таҳлил қилиш орқали депрессия хавфи юқори бўлган ўсмирлар, айниқса қизларни аниқлаш мумкин бўлади.

Олимлар бу каби натижалар келажакда ўсмирларда депрессияни эрта аниқлаш, шахсийлаштирилган даволаш ва турмуш тарзини яхшилаш каби йўллар орқали самарали чоралар кўриш имконини яратишини таъкидлашмоқда. Шу билан бирга, ушбу тадқиқот ёшлар психикасидаги биологик ўзгаришларни чуқурроқ тушунишга туртки бериши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?