Орзуларидан воз кечмаган афғон қизлари

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Афғонистонлик Палвоша Дўстмуҳаммад ва Фаримо Муродий ўз юртида ушалмаган орзуларига Термиз шаҳрида эришмоқда. Икки дугонанинг қалбида тикувчиликка бўлган иштиёқ болалигидан бошлаб жўш урган. Улар афғон миллий либосларини тикиб, ўз брендини яратишни орзу қилишади.
— Ота-онам чевар бўлиб, эркаклар ва аёллар либосларини тикишарди, — дейди Палвоша Дўстмуҳаммад. — Болалигимдан қўл меҳнатига меҳрим тушди. Ўн икки ёшимдан бичиш-тикишни бошлаганман. Дугонам Фаримо билан Термиз шаҳрига кўчиб ўтиб, тикувхона очдик. Бу ерда афғон миллий либосларини тикяпмиз. Афғонистонда истиқомат қиладиган турли миллат вакилларига хос нақш ва безакларни замонавий бичимлар билан уйғунлаштиришга интиляпмиз. Дастлабки орзуларимиз ушалди. Келажакда кичик корхона очиб, ўз брендимизни яратмоқчимиз.
Чеварлар қўл меҳнатида тайёрлаётган «чапан», айниқса, келинларнинг хина қўйиш маросимида кийиладиган «ганд афғоний» деб номланувчи ҳашамдор миллий либосларини кўриб, уларнинг маҳоратига қойил қоласиз.
Чиндан ҳам «ганд афғоний» мафтункор либос, тақинчоқлар, қўлда тикилган нақшлар уни жозибали қилиб кўрсатади. Палвошанинг ҳикоя қилишича, ушбу кўйлак фақат хина қўйиш маросимида эмас, балки келин чақирди, келин салом каби маросимларда ҳам кийилар экан.
— Тикувхонамиз фақатгина чеварлик бизнеси эмас, балки ўз маданиятимиз ва анъаналаримизни сақлаб қолишга бўлган саъй-ҳаракатимиздир, — дейди Фаримо Муродий. — Афғон миллий либосларини сақлаб қолишга бўлаётган интилишимиз ортида уларни дунёга танитишни мақсад ҳам қилганмиз. Инсоннинг имконияти кенг. Нимагаки орзу қилиб, унинг рўёби йўлида интилса, албатта, мақсадига эришади. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, янгиликларга интилиб яшашдан чарчамайман, аксинча, илҳомланаман. Ўзбекистон шундай жаннатгўша маконки, бу ерда нафақат маҳаллий ёшлар, балки биз каби хорижлик ёшларнинг ҳам орзу-интилиши ижобат бўлади, қўллаб-қувватланади.
Палвоша ва Фаримонинг тикувхонаси афғон маданиятининг бойлиги ва гўзаллигини намойиш этиш билан бирга, уларнинг интилиши ва мақсади бизга ватанпарварлик ва инсон руҳининг кучини эслатиб туради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг