Орзу чизгиларинг ҳақиқий ҳаётда ижобат бўлсин, матонатли Каромат!

13:19 23 Февраль 2021 Жамият
433 0

Ховос туманининг «Фарҳод» маҳалласида яшовчи 11-синф ўқувчиси Каромат Аҳмадқулова расм чизишни яхши кўради. Унинг хонадон галереясида орзулар, табиат, Ватан, болалик ва бошқа кўплаб мавзулар акс эттирилган суратлари бор. Чизганлари кўргазмаларда намойиш этилиб, муаллифга муносиб эътирофлар келтирган. Аммо томошабинни лол қолдирган мўъжизанинг яна бошқа жиҳати бор. Суратлар қўлда эмас, оёқда чизилган?! ...Ҳа, шундай, Кароматнинг қўллари йўқ, иродаси ва матонатини қарангки, қизимиз оёқларини қўлга айлантира олган.

Куни кеча ёш рассом қиз ҳузурига Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси, академиянинг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, таниқли мусаввир Анорқул Бойбеков совға-саломлар кўтариб келди. «Мени шогирдликка қабул қиласизми?» деган саволига рассом «Албатта, аслида шунинг учун келдим-да» деган жавобидан Кароматнинг боши осмонга етди. Устоз шогирдига «Маҳорат дарси» ҳам ўтиб берди. Машғулот биргаликда сурат чизиш тарзида бўлди. Мўйқаламни қўлда тутган Анорқул Бойбеков айтган кўрсатмаларини Каромат оёқлари воситасида чаққонлик билан бекаму кўст бажараётганидан лол қолди. Суратни эса «Баҳор» деб номлашди. Четига устоз ва шогирднинг муаллифлик имзолари қўйилди,Ушбу асар Каромат Аҳмадқулованинг шахсий галереясидан жой олди.

— Чекка қишлоқда яшайман, — дейди Каромат Аҳмадқулова. — Бундан бир неча кунлар олдин вилоятимиз тўртинчи сектори раҳбари ҳам уйимизга келиб, холимдан хабар олиб ва ижодий машқларим билан танишиб кетган эди. Орадан кўп ўтмай, мана истеъдодли рассом ҳам хонадонимизга кириб келди.Бундан жуда хурсанд бўлдим.

Каромат битирувчи синф ўқувчиси. Орзуси олий ўқув юрти талабаси бўлиш. Шубҳасиз, унинг қоғозларга муҳрлаётган орзу чизгилари тез орада ҳақиқий ҳаётда ўз аксини топади.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?