Ортда қолган из — Озодбек Назарбеков Баҳодир Йўлдошев ҳақида

13:01 16 Май 2021 Маданият
1403 0

Шафқатсиз ўлим яна бир азиз инсонни, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли режиссёр ва актёр Баҳодир Йўлдошевни орамиздан олиб кетди.

Ярим асрдан буён ўз касбига садоқат билан хизмат қилиб келган устоз санъаткорнинг ижодий фаолияти ҳақида жуда кўп ва хўп сўзлаш мумкин... Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Баҳодир Йўлдошевнинг элимизга манзур бўлган, юқори савияда саҳналаштирган бир қанча спектакллари қаторида мустақиллик йилларида ривож топган майдон томоша санъати унинг маҳорати туфайли миллийлаштирилди, мазмун-моҳият жиҳатдан янгиланди.

Жумладан, Самарқанднинг Регистон майдонидаги “Буюк ипак йўли", “Шашмақом" халқаро фестиваллари, Мирзо Улуғбекнинг 600, Амир Темурнинг 660, Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик тантаналари, “Шарқ тароналари" мусиқа фестивали, Мустақиллик, Наврўз умумхалқ байрамларининг режиссёри сифатида ўзининг юксак ижодкорлик салоҳиятини намоён этган.

Унинг халқимиз севиб томоша қиладиган “Келинлар қўзғолони", “Нодирабегим", “Алишер Навоий", “Нодирабегим", “Ал Бухорий", "Бухорои Шариф"каби қатор спектакллари мутахассислар томонидан эътироф этилиб, ўзбек театр санъати ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилгани таъкидланган. Сўнгги 12 йил давомида "Дийдор" ёшлар экспериментал театр студияси давлат муассасасига бадиий раҳбарлик қилар экан жуда кўплаб иқтидорли шогирдларни тарбиялади.

Устоз санъаткор нафақат юртимиз театрлари, балки Тожикистон, Америка, Лаос, Франция каби хориж мамлакатларида ҳам спектакллар саҳналаштириб юртимиз театр санъатини тараннум этди.

Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб "Фидокорона хизматлари учун", "Эл-юрт ҳурмати", "Меҳнат шуҳрати","Буюк хизматлари учун" орденларига сазовор бўлган.

Устоз-санъаткор, юксак салоҳиятли ижодкор, ўз ишининг моҳир устаси, фидойиси сифатида қалбларимизда мангу яшайди.

Баҳодир Йўлдошевнинг вафоти муносабати билан унинг оила - аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?