Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштиришда япониялик кўнгиллилар ҳам иштирок этмоқда

16:26 31 Октябр 2023 Жамият
233 0

Фото: “Халқ сўзи”

Президент ташаббуси билан 2021 йил ноябрь ойидан бошланган “Яшил макон” лойиҳасининг жорий куз мавсуми 25 октябрдан бошланиб, 1 декабргача давом қилиши эълон қилинган эди. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари каби Оролбўйида ҳам ушбу хайрли тадбир, яъни кузги кўчат экиш ишлари нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бошланиб кетди.

Нукус шаҳридаги “Теле орай” маҳалласи ҳудудида кўчат экишга тайёрланган майдондаги тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А. Оринбаев иштирок қилиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти тўхталиб ўтди ва кўчат экишда иштирок қилди.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Нукус шаҳридаги биргина мазкур маҳалланинг ушбу ҳудудида 2 гектар майдонда боғ яратишга киришилди. Бу ишларда меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари фаоллик кўрсатишмоқда. Тадбирлардан ўтган йилгиларидан фарқи шундан иборатки, экилаётган кўчатларнинг парвариши алоҳида назоратга олинган. Бошқача айтганда, ҳар бир кўчатга масъуллар белгиланган. Улар ўз қарамоғидаги ниҳолларни суғоради, парваришлайди, ташқи таъсирлардан қўриқлайди. Бу ерга йиғилган нукусликлар ўзларининг экиб кетган кўчатларидан хабар олишни, уларга зарур ишлов беришни мақсад қилишган.

Бугун уларнинг ҳар бири ушбу юрт ободлиги учун ўзларининг масъул эканини ҳис этишади. Шунинг учун ҳам тадбирга бир неча юзлаб инсонлар жам бўлдилар. Эътиборли томони шундаки, тадбирда жам бўлганларнинг кўпчилиги “Яшил макон” лойиҳасида иштирок қилиб, ўзларининг дарахт кўчатларини экиш ва Нукус атрофида яшил белбоғ яратишга муносиб ҳисса қўшишни қалбига туйган ёшлардир.

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йил куз мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва туманларда 5 миллион 950 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Тадбир доирасида 16 та “Яшил боғ” ва 17 та “Ҳокимлик боғи” ташкил этилади. Тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида кўчат етказиб берувчилар ҳам белгиланган, албатта. Бу борада Ўрмон хўжалиги қўмитаси кўчатхоналарида 5 миллион 369 минг туп, Ободанлаштириш бошқармаси томонидан 5 миллион 940 минг туп, кўчатчилик фермер хўжаликлари томонидан 494 минг 300 туп ҳамда “Қорақалпоқйўлкўкалам” томонидан эса, 100 минг тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари етказиб берилиши белгиланган.

— “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Орол денгизи тубида яшил қопламаларни барпо этиш ишлари янада кучайтирилиб, бу хайрли иш чет эллик валантёрлар эътиборини ҳам тортмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раисининг ўринбосари Ернияз Акимниязов. – Ҳозир хабар топдим Япониядан 30 нафар кўнгиллилар Оролбўйини кўкаламзорлаштириш ишларида иштирок қилиш учун юртимизга ташриф буюришибди. Улар Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабалари билан биргаликда Орол денгизининг қуриган 10 гектар тубига 10 минг туп шўр ва чўлга чидамли дарахт кўчатларини экишда ташаббус кўрсатишмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда Оролбўйининг қуриган тубига кенг кўламда саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экиш орқали яшил қопламалар барпо этиш ишлари бошланган эди. Орол денгизининг суви қуриган тубида жами 461 минг гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб борилиб, барча вилоятлардан ҳашарга жалб қилинган техникалар ёрдамида саксовул экиладиган майдонлар тайёрланди. Шу мавсумнинг ўзида 445,5 минг гектарда, шундан самолёт ёрдамида 326,2 минг гектарда саксовул уруғлари экилди. Шунингдек, техника ёрдамида 119,4 минг гектарда ҳамда 15,3 минг гектарда кўчатдан маданий ўрмонзорлар барпо этилди.

Ушбу ишларни амалга ошириш учун 1532 тонна чўл ўсимликларининг уруғлари тайёрланган бўлса, экиш ишларига 1400 нафар ишчи қатнашди, бир қатор техникалар жалб этилди.

2019 йил куз-қиш ва 2020 йил баҳор мавсумида 663,1 минг гектар ерда, шундан самолёт ёрдамида 496,9 минг гектарда, техника ёрдамида 166,2 минг гектарда саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимликлар уруғлари экилди. Шу билан бирга 3 минг гектарда чорва моллари учун яйловзорлар ҳамда 40,2 минг гектар майдонда маданий ўсимликлар кўчатлари экилди. 2020-2021 йиллардаги мавсумда эса, 458,4 минг гектар майдонда уруғ ва кўчат экилиб, яшил қопламалар барпо этиш ишлари изчил давом қилдирилди. Ундан кейинги мавсумда, 2021 йил куз-қиш ва 2022 йил баҳор мавсумида Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 107 минг гектардан зиёд ҳудудда ўрмонзорлар барпо қилиш ишлари амалга оширилди.

Дастлабки экилган саксовуллар бўйи 2-3 метрга яқинлашиб ҳақиқий ўрмонзорга айланмоқда. Ўрмонларда эса, мелиоратив тадбирларни ўтказиб туриш, дарахт ва ўсимликларнинг янада яхши ўсиб ривожланишига шароит яратадиган омиллардан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги қарорида 2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳажмлари белгилаб берилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилда 100 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо этиш режалаштирилган. Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий мавсумда ўрмон хўжаликларидан ишчи ходим ва техникалар жалб этилди.

Ўрмонлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун 541 тонна чўл ўсимликлари уруғлари, жумладан 447,2 тонна саксовул, 7,1 тонна қандим, 84 тонна қорабароқ хамда 2,7 тонна яйлов чўл ўсимликлари терилди. Ушбу тайёрланган чўл ўсимликларидан 268,8 тоннаси аҳоли томонидан тайёрланди.

Бугунги кунда 127,8 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг уруғини ҳамда кўчатини экиш ишлари амалга оширилди. Шундан уруғдан 121,9 минг гектар (шундан самолёт ёрдамида 96,1 минг гектар, техника ёрдамида 25,8 минг гектар) ҳамда кўчатдан 5,8 минг гектар майдонда экиш ишлари амалга оширилди.

Шубҳа йўқки, айни кунларда мамлакатимиз бўйлар бошланаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Орол денгизининг қуриган тубига саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларни экиш, саҳро ўрнида яшил ўрмон барпо қилиш ишлари янада жадал давом қилади. Негаки, ўтган йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ушбу хайрли ишга ҳисса қўшиш ниятида Оролга келиб, кўчат эккан юртдошларимиз кўп бўлди.

Орол денгизи қуригач, унинг қуриган тубида пайдо бўлган 5,5 миллион гектар майдонда Оролқум чўллари ҳосил бўлган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича ушбу ҳудуддан тахминан 100 миллион тонна туз, чанг ва қум ҳавога кўтарилиб, атроф-муҳитга катта зарар етказаётган эди.

Президентимизнинг ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо лойиҳасининг амалдаги ижроси натижасида ҳудудда чанг ва қумларнинг ҳавога кўтарилиши кескин камайишига эришилди. Маълумот учун: битта саксовул тўрт тонна кўчки қумини тўхтата олади.
Амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида 2018 йилдан 2023 йилнинг куз фаслигача Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 1,7 миллион гектар майдонда яшил қопламалар барпо этилди.

Бир сўз билан айтганда Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш “Яшил макон” лойиҳасидан четда эмас. Аксинча, лойиҳа доирасида ушбу маконни яшилликка буркаш ишлари кўлами янада кенгайиб, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшиш илинжида Қорақалпоғистонга, Мўйноққа келаётганлар сафи ошмоқда. Эътиборлиси, бир вақтлар кўм-кўк денгиз тўлқинлари мавжланган ва кейинчалик саҳро қумга айланган Орол бугун яна ям-яшил ўсимликлар билан қопланмоқда. Ҳа, денгиз қуриса ҳамки, саксовул юлғунлар униб чиқиб, денгиз тўлқинлари мисол чайқалиб кўкка бўй чўзиб ўсмоқда. Уларнинг бўйлари ўсгани сайин, Оролбўйи аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончи ҳам юксалиб бормоқда.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер