Ориятли одам

Иллюстратив фото
Маҳалла раисларидан бири билан суҳбатлашганимизда у “Менга моддий ёрдам беринг” дея остона ҳатлаб келувчилар тез-тез учраётганидан нолиб қолди. “Суриштирсангиз, тўрт мучаси соғ, аммо ишлашни, жонини жиндек койитишни ўзига эп кўрмайди”, деди раис боқимандаликка берилган айрим фуқароларни назарда тутиб. Шунда беихтиёр Шаҳобиддин Жўраев ёдимизга тушди.
Ромитан тумани Навбаҳор маҳалласида яшовчи бу йигитнинг болалиги ташвишли кечди. Табиатан ҳаракатчан, шўх бўлгани учун чақалоқлигида сандалга – бозиллаган чўғ устига тушиб кетди. Оқибатда икки оёғи тиззасигача куйиб қолди.
Ота-онаси уни узоқ даволатишди. Таассуфки, куйган жойини қайта тиклаш иложи бўлмади. Мана, 35 йилдирки, Шаҳобиддин 2 – гуруҳ ногирони. Протез оёқлар унинг мададкори.
Болалигидагидек ҳали ҳам тиниб-тинчимайди. Бировга оғирлиги тушишини истамайди. Ўта ориятли. Маҳалладагилар, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари уни тез-тез йўқлаб туришади. Шаҳобиддин эса одатига кўра, ҳамманинг мурувватини рад этади. Ҳалол меҳнат билан топганига қаноат қилади. Тез орада икки нури дийдаси – Шамшодбек билан Шаҳрилло қанотига киришини ўйлаб кўнгли алланечук бўлиб кетади. Дарвоқе, қандай меҳнат, дейсизми? Шаҳобиддин ўрта мактабни тугатгач, тадбиркорлик этагидан тутди. Автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш дўконида ишлади. Бу орада оёқ протезлари тез-тез таъмирталаб аҳволга тушар, янгиси эса ҳадеганда топилавермасди. Шунда қаҳрамонимизда “Ўзимга ўхшаган ногиронларнинг оғирини енгил қилсам – чи?”, деган фикр туғилди.
Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битибди, деганларидек, Шаҳобиддин ишга жиддий киришди. Ҳатто жой танлашда ҳам мижозлар учун қулайроқ бўлишини ўйлади. Шу тариқа Бухоро шаҳридаги Газли шоҳкўчасида ўзининг “Неопротез” деб номланган кичик корхонасини очди. Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги бу корхона протез оёқ, қўл, карсет, махсус оёқ кийимлари, ҳасса ва бошқа жиҳозларни тайёрлаш ва эскирганларини таъмирлашга ихтисослашган.Шаҳобиддин шогирдлар тайёрлаб, уларни ҳам ўз қаватига олди. Муҳими, аҳолининг ижтимоий ҳимояга маҳтал қатлами саналган ногиронларга ҳалол – покиза хизмат кўрсатмоқда. Мижозлари кўп. Бухоро туманидаги Шейхонча қишлоғида истиқомат қилувчи Зайниддин Мажидов шуларнинг бири.
– Автоҳалокат оқибатида саломатлигимни йўқотдим, – дейди у. – Ўн беш йилдан буён оёқ ва қўлларим учун протезга буюртма бериб келаман. Шу матоҳ учун 500 – 600 километр йўл босиб, Тошкентга боришимга тўғри келган пайтлар ҳам бўлган. Шаҳобиддин Жўраев шундай протезлар тайёрлайдиган корхона очгач, оворагарчиликка ҳожат қолмади. Вақтим ҳам, пулим ҳам тежаляпти. Маҳсулотининг сифати жойида. Оёқ ва қўл протезларимни аввалгидек ҳар икки йилда эмас, тўрт йилда алмаштиряпман. Барака топсин, Шаҳобиддиннинг ўзи ҳам одамшаванда, самимий инсон...
Ҳа, ўзи ёрдамга эҳтиёжманд бўлса-да, бошқаларга оғирини солишни истамайдиган ва аксинча ўзгалар ташвишини енгил қилишга бел бойлаган ғурурли, ориятли инсонлар орамизда кўп. Назаримизда, ҳаёт улар билан янада мазмунли ва гўзалдир.
Махфират АТОЕВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг